Олийгоҳлар 30/11/2023 Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети

Сиз Ташқи ишлар вазирлигида ишлашга, халқаро муносабатларда фаол иштирок этишга қизиқасизми? Ҳа, айнан сиз давлатнинг дипломатик алоқаларида иштирокчи бўлишингиз мумкин.  Қандай қилиб дейсизми?

    Унда, озгина вақтингизни ажратиб ўзингизга керакли энг қимматли маълумотларни билиб олишингиз мумкин.

    Ўзбекистонда ва халқаро миқёсда иқтисодиёт, дипломатия ва бошқа глобал муаммолар бўйича мутахассислар сонини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 23 сентябрдаги ПФ-474-сонли Фармони билан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) ташкил этилган. Университет Ўзбекистонда халқаро иқтисодий муносабатлар, халқаро ҳуқуқ, халқаро муносабатлар соҳасида етакчи кадрлар тайёрлайдиган олий ўқув юрти ва йирик илмий марказ ҳисобланиб, у Ташқи ишлар вазирлиги тизимига киритилган.

     Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) қуйидаги йўналишларда

  • Халқаро иқтисодиёт ва менежмент;
  • Халқаро муносабатлар ва сиёсий фанлар;
  • Халқаро оммавий ва хусусий ҳуқуқ

   Соҳаларида юқори савиядаги кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни таъминлайдиган таянч олий таълим муассасасидир. Университет профессор-ўқитувчилари таркиби 160 нафар бўлиб, улардан 17 нафари профессор, 17 нафари фан доктори ва 52 нафари фан номзодидир.

Ҳозирги кунда ЖИДУда 3 та факультет мавжуд:

  • Халқаро муносабатлар;
  • Халқаро иқтисодиёт ва менежмент;
  • Халқаро ҳуқуқ.

     Бундан ташқари университетда 25 та кафедра, тил маркази (жаҳон тиллари, француз тили, немис тили, ўзбек тили кафедралари билан) компьютер; тестлар; “Маънавият ва маърифат” марказлари; бошқарув институти; таҳрир ва нашриёт бўлими; “Бизнес олами” ва “Зиёкор” ўқув марказлари, “Интернет” клуби ва юридик клиника фаолият юритади.

       Университет ўз бағрига 300 минг асар  жойлашган илмий кутубхонага эга. Таълим сифатини ошириш мақсадида мунтазам хорижий мамлакатлардан профессорлар, амалиётчи мутахассислар таклиф қилинади, замонавий компьютер технологиясидан кенг фойдаланилади.

   Сиз бу ерда таълим олиш билан бир қаторда  Университетда БМТ, UNESCO, ТАСИСнинг Тошкентдаги ваколатхонаси ходимлари, хорижий давлат арбоблари, дипломатлари, Ўзбекистондаги чет мамлакатлар элчихоналари вакиллари билан ўтказиладиган учрашувларда ҳам иштирок этишингиз мумкин бўлади.

    ЖИДУ да ўқув қўлланмалари, дастурлар, илмий ва услубий қўлланмалар чоп этади, “Халқаро муносабатлар” журнали нашр этилади.

    Айнан шу университетни тамомлаган Саида Мирзиёева, Шерзодбек Асадов, Феруза Маҳмудова, Ҳилола Умарова, Ойбек Қосимов каби бир қанча фаол битирувчилари бугун жамиятнинг юқори ташкилотларда фаолият юритиб, давлатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда.

   Бугунги кунда ЖИДУ талабалари 4 та Европа олий ўқув юртлари билан: Кастилия–Ла Манча университети (Испания); Лунд университети (Швеция); Падов университети (Италия); И. Куса номидаги Яс университети (Руминия) академик алмашинувни кенгайтиришга қаратилган "Эрасмус+" таълим лойиҳалари бўйича фаол ҳамкорликларда иштирок этишмоқда.

    Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамкор университетлар ўртасида 24 та меморандум, 22 та келишув, 12 та шартнома ва 2 та протоколни имзолаш орқали 60 дан ортиқ хорижий университетлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган етакчи университетлардан ҳисобланади.

   Сизда университетга бўлган қизиқиш пайдо бўлган бўлса, ўзингиз ёки фарзандларингизни шу даргоҳда таълим олишини истасангиз албатта бу ердаги йўналишлар билан танишиб чиқишингиз шарт.

 Дипломатия университетининг бакалавр ёъналишлари:

  • Халқаро иқтисодиёт ва менежмент; (минтақалар ва фаолият йўналишлари бўйича)
  • Сиёсатшунослик;
  • Юриспруденция; (халқаро ҳуқуқий фаолият)

Дипломатия университетининг магистр ёъналишлари:

  • Халқаро муносабатлар ва жаҳон сиёсати;
  • Амалий сиёсатшунослик;
  • Ташқи иқтисодий фаолият; (тармоқлар ва фаолият йўналишлари бўйича)
  • Халқаро иқтисодиёт ва менежмент; (минтақалар ва фаолият йўналишлари бўйича)
  • Халқаро ҳуқуқ; (соҳалар бўйича)
  • Халқаро бизнес ҳуқуқи;
  • Гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти (тиллар бўйича)

   Сиз агар шу университет талабасига айлансангиз ётоқхона муаммосига умуман дуч келмайсиз. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг талабалар турар жойи (ТТЖ) 1992 йил университет ва университет қошидаги лицей талабаларини турар жой билан таъминлаш мақсадида ташкил қилинган. Мазкур талабалар турар жойи 2 та бинодан иборат бўлиб, 800 ўринга мўлжалланган. Ҳозирда ТТЖда 550 та талаба истиқомат қилади.

   ЖИДУ да контракт-тўловлари 1-босқич талабалари учун стипендиясиз – 29 миллион 428 минг сўм, стипендияли – 35 миллион 642 минг сўм, 2–4-босқич талабалари учун стипендиясиз – 23 миллион 740 минг сўм, стипендияли варианти эса 31 миллион 814 минг сўм этиб белгиланган. Магистратура эса 27 миллион 216 минг сўм деб белгиланган. 

Олийгоҳ матбуот хизматининг маълум қилишича, ЖИДУда 2018 йилдан бери контракт нархлари оширилмаган. 2023-2024 йилларда стипендиясиз ўқиш нархи бакалавриат учун умумий – 18 миллион сўм, магистратура учун – 21 миллион сўм этиб белгиланган.

     Агар сизда яна қўшимча саволлар пайдо бўлса бемалол қуйида кўрсатилган манзилга ва рақамларга мурожаат қилишингиз мумкин. 

 Манзил: 100007, Ўзбекистон, Тошкент, Мустақиллик шоҳ кўчаси, 54.

Ишонч телефон рақами: (+99871) 267-39-50

Ректорат: (998 71) 267-67-69

     Бизни кузатишда давом этинг Таълим телеканали таълимдаги энг сўнгги янгиликларни ҳар доим сиз билан бўлишишга тайёр!

Муҳаррир Маъмура Тўраева

#Янгиликлар   #Олийгоҳлар   #Талаба  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг