Олийгоҳлар 30/12/2024 Тошкент давлат шарқшунослик университети

  Мазкур билим даргоҳида Туркистон ва унга қўшни бўлган хорижий шарқ мамлакатларининг тарихи, этнографияси, географияси, ўлкашунослиги, ислом тарихи ва мусулмон қонуншунослиги каби фанлар, шарқ халқларининг тиллари ва адабиётлари ўргатилган.

  1918 йил ноябрь ойида Тошкентда Туркистон Шарқшунослик институти ташкил этилди. Бу институт Ўрта Осиё тарихида биринчи  шарқшунослик олий ўқув юрти сифатида қўшни мамлакатлар учун ҳам шарқшунослик фанининг турли соҳалари бўйича малакали мутахассислар етиштириб бера бошлаган.

  Расмий маълумотларга кўра, 1922-1923 ўқув йилида Туркистон Шарқшунослик институтида 210 нафар талаба ўқиган. Бундан 16 фоизигина маҳаллий халқ фарзандлари бўлган. Туркистон Шарқшунослик институти 1924 йилда факультет сифатида Ўрта Осиё давлат университетига қўшиб юборилган.

  Шарқшунослик таълимининг дастлабки даврларида, қисқа давр ичида мазкур илм даргоҳидан А.К.Боровков, В.В.Решетов, К. Юдахин, И.А.Киссен. Р.Л.Неменова каби таниқли тилшунос олимлар, П.П.Иванов, М.Р.Иванова, М.Массон, В.А.Шиглкин, О.А.Сухарева каби машҳур тарихчи ва этнографлар, Мухтор Авезов, Сотим Улуғзода каби атоқли ёзувчилар ҳамда Д.Г.Вороновский каби  шарқшунос олимлар етишиб чиққан.

 1990 йилда Тошкент Давлат университетининг Шарқ факультети негизида университетнинг Шарқшунослик институти ташкил қилинган. Орадан кўп отмай, 1991 йил 15 июлда эса бу институт Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг фармони билан Тошкент давлат шарқшунослик институтига айлантирилган.

     Янги Ўзбекистон ривожланиш ва тараққиёт стратегияларига мувофиқ равишда олий таълим тизимида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширила бошланди, шу жумладан, шарқшунослик илм ва таълимининг янги уфқлари белгиланди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 16 апрелдаги “Шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ–4680-сон қарорига мувофиқ Тошкент давлат шарқшунослик институти негизида Тошкент давлат шарқшунослик университети ташкил этилди.

  Бугунги кунда, Шарқшунослик университетида 28 кафедра фаолият кўрсатади. Институт битирувчилари орасида Ўзбекистоннинг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси сифатида дунёнинг қатор катта ва обрўли мамлакатларида, жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Япония, Туркия, Белгия, Исроил, Ҳиндистон, Покистон, Саудия Арабистони, Мисрда фаолият юритишмоқда.

  Шарқшунослик университети ўтган давр мобайнида 400 дан ортиқ фан номзоди, 80 дан ортиқ фан доктори тайёрлади. 8 нафар олимлар ЎРФА академиклигига,14 нафар шарқшунос-олимлар Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоблари, 12 нафари Беруний ва Ҳамза номларидаги давлат мукофотлари, 7 нафари Фирдавсий, Аҳмад Яссавий, Маҳмуд Қоғарий, Жавоҳарлаъл Неру ва Имом ал-Бухорий номларидаги халқаро мукофотларининг лауреатлари. Бундан ташқари, қатор шарқшунос-олимлар “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи” фахрли унвонларига эга, 8 нафар шарқшунос-олим “Эл-юрт ҳурмати”, “Буюк хизматлари учун”, “Меҳнат шуҳрати” орденларига сазовор бўлишган.

  Ҳозирда Шарқшунослик университетида 25 та кафедра ва қуйидаги факультетлар фаолият юритмоқда:

Шарқ филологияси ва таржимашунослик факультети:

  • Араб филологияси кафедраси;
  • Эрон-афғон филологияси кафедраси;
  • Жанубий ва Жанубий Шарқий Осиё тиллари кафедраси;
  • Урду тили, адабиёти, Покистон маданияти ва тарихи;
  • Мумтоз филология ва адабий манбашунослик кафедраси;
  • Таржимашунослик ва халқаро журналистика кафедраси;
  • Шарқ мамлакатлари адабиёти ва қиёсий адабиётшунослик кафедраси;
  • Назарий ва амалий тилшунослик.

Шарқ цивилизацияси ва тарих факультети:

  • Шарқ мамлакатлари тарихи ва антропологияси кафедраси;
  • Марказий Осиё халқлари тарихи ва этнологияси кафедраси;
  • Шарқ фалсафаси ва маданияти кафедраси;
  • Педагогика ва психология кафедраси;
  • Манбашунослик ва тасаввуф герменевтикаси кафедраси.

Шарқ мамлакатлари иқтисодиёти, сиёсати ва туризм факультети:

  • Шарқ мамлакатлари иқтисодиёти кафедраси;
  • Шарқ мамлакатлари сиёсати ва халқаро муносабатлар кафедраси;
  • Ташқи иқтисодий фаолият ва туризм кафедраси;
  • Математика ва умумиқтисодий фанлар кафедраси.

Хитойшунослик факультети:

  • Хитой филологияси кафедраси;
  • Хитой тарихи, маданияти, сиёсати ва иқтисодиёти кафедраси.

Кореяшунослик факультети:

  • Корейс филологияси кафедраси;
  • Корея тарихи, маданияти, сиёсати ва иқтисодиёти кафедраси.

Японшунослик факультети:

  • Япон филологияси кафедраси;
  • Япония тарихи, маданияти, сиёсати ва иқтисодиёти кафедраси.

Туркшунослик факультети:

  • Турк филологияси кафедраси;
  • Туркий халқлар тарихи, маданияти, сиёсати ва иқтисодиёти кафедраси;
  • Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси;
  • Ғарб тиллари кафедраси.

  Университетда бакалавриат ва магистратура босқичларда қуйидаги йўналишларда мутахассислар тайёрлайди:

  Бугунги кунда Тошкент давлат шарқшунослик университети (ТДШУ) 100 га яқин хорижий олий таълим муассасалари ва ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Жумладан, Япония, Хитой, Корея Республикаси, Ҳиндистон, Ветнам, Малайзия, Индонезия, Миср, Туркия, Эрон, АҚШ, Буюк Британия, Нидерландия, Франтсия, МДҲ мамлакатларининг бир қатор нуфузли университет ва ташкилотлари.

  Университетнинг талабалар турар жойида жами 290 та талаба-ёшлар яшаб келмоқда. Шундан қиз талабалар 140 нафар ва ўғил бола талабалар 150 нафарни ташкил қилади. ТТЖ да талабалар бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун спорт зали, кутубхона доим фаолият юритади.

  Университет юзасидан сизда саволлар туғилган бўлса қуйидаги манзилга ва рақамларга мурожаат қилинг:

  • Манзил:100060, Тошкент шаҳри, Амир Темур кўчаси 20
  • Телефон: +998 71 233 34 24; +998 71 233 52 24
  • Электрон почта: info@tsuos.uz

  Бизни кузатишда давом этинг Таълим телеканали таълимдаги энг сўнгги янгиликларни ҳар доим сиз билан бўлишишга тайёр!

Маъмура Тўраева тайёрлади

 

 

 

 

 

#Олийгоҳлар  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг