Олийгоҳлар 15/12/2024 Тошкент давлат юридик университети

 Ҳар бир инсон умрида бир марта бўлса-да бу соҳа вакилларига катта қизиқиш билан қарайди. Ҳуқуқ соҳасидаги малакали кадрларни тайёрлаб берадиган. Халқ тилида айтганда прокурор, судья, ҳуқуқшуносларни ишлаб чиқарадиган марказ Тошкент давлат юридик университети ҳисобланади.

 Университет Ўзбекистоннинг юридик фанлар ва юридик таълим миллий марказларидан бири сифатида эътироф этилган етакчи олий таълим муассасаси ҳисобланади. Унинг нуфузи республикадан ташқарида ҳам баланд ҳисобланади.Университет тарихига назар ташлайдиган бўлсак, университет 1918 йил 21 апрелда, Туркистон халқ университетида ижтимоий-иқтисодий факультет негизида юридик кафедра ташкил этилган пайтдан бошланади. Бу Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда юридик мактабни яратишдаги биринчи қадам бўлган.Ушбу юридик мактаб 1918 йилдан 1990 йилларгача ЎзССР Адлия Халқ комиссарлиги қошидаги муассаса сифатида фаолият олиб борган.

1991 йил 15 августда ЎзССР Министрлар Советининг қарори билан Тошкент давлат университетининг юридик факультети негизида Тошкент давлат юридик институти ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 28 июндаги ПҚ-1990 сонли қарори билан Тошкент давлат юридик институти, Тошкент давлат юридик университетига айлантирилган.Йиллар давомида ушбу муассасада йирик ҳуқуқшунослар Б.Манелис, М.Лутский, С.Аврух, К.Саримсоқов, Х.Қурбонов, Н.Капустянский, Т.Эшонбеков, Д.Арренбек, академиклар С.Раджабов ва Х.Сулаймонова каби машҳур юристлар фаолият олиб борган.Бугунги кунда университет 3 та ўқув бинодан иборат бўлиб, унинг бош ўқув биноси Сайилгоҳ кўчаси 35-уй манзилида жойлашган. Майдони 3504 минг кв.м ташкил этади. Бинода 5 кафедра, 26 маъруза ва семинар хоналари, ректорат, Университет кенгаши зали, университетнинг маъмурий бўлинмалари, шунингдек, Юридик клиника фаолият олиб боради.Университетнинг иккинчи ўқув биноси 6927 минг кв.м майдонни эгаллаган бўлиб, унда 5 та кафедра, 43 та маъруза ва семинар машғулоти хоналари, Суд йиғилишлари хонаси (Моот court), криминалистик лаборатория жойлашган. Ушбу ўқув бинолари меъморий ёдгорликлар бўлиб, 1875 йилда қурилган.Университетнинг учинчи ўқув биноси 2013 йилда ТДЮ тасарруфига берилган бўлиб, у Амир Темур кўчаси 13-уйда 9557 минг кв.м майдонда жойлашган. Капитал реконструкция қилингандан кейин бинода 5 та кафедра, 21 та маъруза ва семинар машғулотлари хонаси, 2 та компьютер хонаси, замонавий спорт комплекси ташкил этилган.

Ҳозирда Тошкент давлат юридик университетида қуйидаги 4 та факультет фаолият юритмоқда:

  • Оммавий ҳуқуқий
  • Жиноий одил судлови
  • Хусусий ҳуқуқ
  • Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик факультети 

Университетда 19 та кафедра мавжуд бўлиб бугунги кунда университетда 279 нафар профессор-ўқитувчилар фаолият юритмоқда. Уларнинг 33 нафари фан доктори (ДСc), 82 нафари фан номзоди, 29 нафари фалсафа фанлари доктори (ПҳД), 23 нафари профессор, 42 нафари доцент илмий даража ва унвонларига эга. Ҳозирда бакалавр босқичида 4 426 нафар талаба, магистратура босқичида эса 269 нафар талаба таҳсил олмоқда.Тошкент давлат юридик университетининг кутубхонасида 3000 нусхадаги китоблар мавжуд бўлиб, жумладан, рус профессори Иван Нейманнинг 1814 йилдаги „Жиноят ҳуқуқининг илк асослари“ асари, буюк мутафаккир, фиқҳ — ислом қонуншуноси Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг „Ал-ҳидоя фи шарҳи Бидоя ал-мубтадиъ“ ёки қисқача „Китоб ул-ҳидоя“ номли мусулмон ҳуқуқига оид шарҳларининг 1893 йилда кўчирилган нусхаси, шунингдек, Россия империясининг 100 жилддан ортиқ қонунлар мажмуаси мавжуд. 2019 йилдан бошлаб университет Ахборот-ресурс маркази Дюсселдорф шаҳридаги Германия университет кутубхоналари Халқаро ассоциацияси аъзоси ҳисобланади.Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган Саида Мирзиёева, Хушнудбек Худейбердиев,Ҳайдар Пўлатов, Мирзо-Улуғбек Абдусаломов, Муроджон Азимов, Хадича Сулаймонова каби бир қатор фаол битирувчилар бугун жамиятимиздаги ўз касбининг етук мутахассислари ҳисобланади.

  Тошкент давлат юридик университетининг қўшма таълим дастурлари доирасида Беларус Республикасининг Янка Купала номидаги Гродно давлат университети билан халқаро хусусий ҳуқуқ, Қозоғистон Республикасининг М.С.Нарикбаэв номидаги КАЗГЮ университети билан “Халқаро иқтисодий ҳуқуқ” таълим йўналиши бўйича бакалаврлар тайёрлаш ҳақида келишув имзолаган.

Бакалавр босқичида таълим олаётган талабалар, қуйидаги мутахассисликлар бўйича тайёрланади.

  • Давлат ҳуқуқий фаолияти;
  • Фуқаролик ҳуқуқий фаолияти;
  • Жиноят ҳуқуқий фаолияти;
  • Халқаро ҳуқуқий фаолият;
  • Тадбиркорлик ҳуқуқий фаолияти (бизнес ҳуқуқи).

Магистратура босқичида қуйидаги мутахассислар тайёрланади

  • "Давлат бошқаруви ҳуқуқи";
  • "Солиқ ва божхона ҳуқуқи";
  • "Бизнес ҳуқуқи";
  • "Халқаро тижорат ҳуқуқи";
  • "Шартнома ҳуқуқи";
  • "Корпоратив ҳуқуқ";
  • "Табиий ресурслар ҳуқуқи";
  • "Меҳнат ҳуқуқи";
  • "Жиноят қонунчилилигини қўллаш назарияси ва амалиёти";
  • "Суд экспертизаси ва криминалистика". 

Тошкент давлат юридик университети талабасига айланган ёшлар деярли ётоқхона муаммосига дуч келмайди. Чунки университетга қарашли 3 та талабалар турар жойи мавжуд.1-сонли Талабалар турар жойи 1960 йилда қурилган бўлиб, Олмазор тумани Талабалар кўчаси 192-уй манзилида жойлашган. Бино 4 қаватдан иборат бўлиб, сиғими 292 та, жами хоналар сони 148 та, яшаш хоналар сони 115 та.

2-сонли Талабалар турар жойи ҳам 1960 йилда қурилган бўлиб, Олмазор тумани Талабалар кўчаси 192-уй манзилида жойлашган. Бино, 4 қаватдан иборат бўлиб, сиғими 297 та, жами хоналар сони 144 та, яшаш хоналар сони 115 та.

3-сонли Талабалар турар жойи биноси 2021 йил декабрь ойидан бошлаб университет талабалари учун фойдаланишга топширилган бўлиб, Учтепа тумани 12 мавзеси 67А-уй манзилида жойлашган. Бино, 4 қаватдан иборат бўлиб, сиғими 548 та жами хоналар сони 178 та, яшаш хоналар сони 137 тани ташкил этади.

 Республикадаги лидер ҳисобланган Тошкент давлат юридик университетининг 2023-2024 ўқув йили учун тўлов-контракт бакалавриат босқичида таълим олаётган талабларга:

  • кундузги таълим шакли учун 18 522 000 (ўн саккиз миллион беш юз йигирма икки минг) сўм,
  • сиртқи таълим шакли учун 16 934 400 (ўн олти миллион тўққиз юз ўттиз тўрт минг тўрт юз) сўм,
  • масофавий таълим шакли учун 15 288 000 (ўн беш миллион икки юз саксон саккиз минг) сўм этиб белгиланган.

 Магистратура босқичида таълим олаётган талабларга

  • кундузги таълим шакли учун 19 698 000 (ўн тўққиз миллион олти юз тўқсон саккиз минг) сўм,
  • масофавий таълим шакли учун 15 876 000 (ўн беш миллион саккиз юз етмиш олти минг) сўмни ташкил этади. 

Агар сизда сиз кутган саволларга биз беролмаган жавоблар бўлса қуйидаги манзилга ва рақамларга мурожаат қилишингиз мумкин.

  • Ўзбекистон Республикаси, 100047. Тошкент ш. Сайилгоҳ кўч. 35 уй
  • Коммутатор: +998 71-236-28-06
  • Қабул бўлими: +998 71 233-13-95
  • Ишонч телефони: +998 71 233-42-09
  • +998 71 233-66-36
  • Факс: +998 71 233-37-48
  • e-mail: info@tsul.uz 

​​​​​​​​​​​​​​​​​Сизни қизиқтирган олий таълим муассасаси ҳақида оз бўлса-да маълумот бера олдик деган умиддамиз. Бизни кузатишда давом этинг Таълим телеканали таълимдаги энг сўнгги янгиликларни ҳар доим сиз билан бўлишишга тайёр!

                                        Маъмура Тўраева тайёрлади

#Олийгоҳлар  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг