Бошланғич синф ўқитувчиси икки сертификат учун устама оладими? Вазирлик тушунтирди

Расм сунъий интеллект ёрдамида яратилган
Таълим ва илм-фан вазирлиги саволга жавоб берди: бошланғич синф ўқитувчиси она тили фанидан ҳам, бошланғич таълим йўналиши бўйича ҳам миллий сертификатга эга бўлса, иккала сертификат учун устама тўланадими?
Қайси сертификатга қанча устама
Вазирлик маълумотига кўра, устамалар қуйидаги тартибда белгиланган:
- B+ ва ундан юқори даражадаги миллий сертификатга эга, бошланғич таълим мутахассислиги бўйича бошланғич синфларда дарс берадиган ўқитувчиларга тегишли таълим тилига мос равишда барча фанлар бўйича лавозим маошига нисбатан 15 фоиз устама тўланади;
- Президентнинг 2024 йил 21 февралдаги ПФ-37-сон Фармонига кўра, умумий ўрта таълим муассасаларида она тили ва адабиёт ҳамда тарих фанларидан тегишли даражадаги миллий сертификатга эга бўлган ва шу фанлардан дарс берадиган педагогларга тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида ойлик қўшимча устама белгиланган;
- Президентнинг 2022 йил 11 майдаги ПФ-134-сон Фармонига мувофиқ, умумтаълим фанлари бўйича бир нечта сертификатга эга педагогларга юқорироқ устама олиш ҳуқуқини берадиган сертификат бўйича тўлов амалга оширилади.
Икки сертификат бўлса нима бўлади
Демак, устамалар йиғилиб кетмайди, улар фанлар кесимида ҳисобланади. Агар бошланғич таълим ўқитувчисида бир вақтнинг ўзида она тили ва адабиёт фани ҳамда бошланғич таълим йўналиши бўйича тегишли сертификат бўлса:
- она тили ва адабиёт фани соатлари учун 50 фоиз;
- математика фани соатлари учун 20 фоиз;
- бошланғич таълим йўналишида ўтиладиган қолган фанлар учун 15 фоиз қўшимча устама тўланади.
Вазирлик шунингдек, ҳозирда умумий ўрта таълим мактабларидаги бошланғич таълим ўқитувчиларига она тили ва адабиёт ҳамда математика фанлари сертификатлари учун белгиланган тартибда қўшимча устамалар тўлаб келинаётганини қайд этди.
Манба: Таълим ва илм-фан вазирлиги