Олийгоҳ танлаш боти
Ўзбек ▾
O'zbekЎзбекРусскийIngliz tili
Янгиликлар

Мажбурий таълим 12 йилга узайтирилмоқда: Қонунчилик палатаси қонунни қабул қилди

Мажбурий таълим 12 йилга узайтирилмоқда: Қонунчилик палатаси қонунни қабул қилди

Расм сунъий интеллект ёрдамида яратилган

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 24-ноябрь куни бир йиллик мактабга тайёрловни мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида белгилайдиган қонунни қабул қилди. Қуйи палата матбуот хизмати маълумотига кўра, шу йўл билан мажбурий умумий ўрта таълим муддати 11 йилдан 12 йилгача узайтирилмоқда.

Қонунда нималар белгиланган

Ҳужжат “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги ҳамда “Таълим тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритади. Унга кўра, мактабга тайёрлов мактабгача таълим ташкилотларида ва умумтаълим мактабларида ташкил этилади, ҳар бир боланинг бундай тайёргарликдан ўтиш ҳуқуқи кафолатланади. Лойиҳа муаллифлари бу қадам миллий таълим тизимини халқаро стандартларга яқинлаштиришга хизмат қилишини билдирган.

Тайёрлов давлат муассасалари, мактаблар ва боғчаларда бепул бўлади. Шу билан бирга, ота-оналар фарзандини хусусий боғча ёки мактабда тайёрлашни ҳам танлаши мумкин: қонун нодавлат ташкилотларда тайёрлов гуруҳлари очишга рухсат беради. Машғулотлар алоҳида дастур асосида, асосан ўйин усулида ўтади.

Жойлар ва кадрлар

Депутат Сайёра Имомованинг айтишича, мамлакатда мактабгача таълим қамрови 78 фоизга, олти яшар болалар қамрови эса 98 фоизга етган. 2027 йилда олти яшар болаларни тайёрлов билан қамраб олишни 100 фоизга етказиш мақсад қилинган.

  • Мактабгача таълим ташкилотларида, мактабларнинг бўш синфхоналарида, шунингдек, мактаб ва боғча бўлмаган чекка ҳудудларда “Келажак” марказлари каби ижтимоий объектларда ташкил этилади;
  • 4000 дан ортиқ мактабда бўш хоналар негизида тайёрлов гуруҳлари очилган, яна 191 та мактабда 246 та гуруҳ режалаштирилган;
  • гуруҳлар педагоглар билан 98 фоиз таъминланган; буни 100 фоизга етказиш учун 800 та қўшимча гуруҳ ва қарийб 20 мингта янги ўрин керак, харажатлар 2027 йилги давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.

Депутатлар нимани сўради

Депутат Сайдулло Азимов олти яшар боланинг мақоми — мактаб ўқувчисими ёки мактабгача ёшдаги болами — аниқ бўлишини сўради. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги департаменти бошлиғи Эркин Муродов амалдаги қонунда мактабгача ёш 7 ёшгача деб белгиланганини ва бу норма ўзгармаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, акс ҳолда боғчага фарзандини берган 600 мингга яқин ота-онага қийинчилик туғилиши мумкин. Депутат Дилмурод Ортиқов эса қонунчиликда “мактаб ёши” тушунчаси йўқлигини таъкидлади.

Вазирлик вакилига кўра, ҳозир 101 та ижтимоий объект бор: техникумлар, маҳаллий идоралар, мусиқа ва санъат мактаблари. Уларнинг алоҳида реестри юритилади, тайёрлов ўтказиш мумкин бўлган жойлар рўйхати эса кейинги норматив ҳужжатларда белгиланади. Спикер Нуриддин Исмоилов аниқ жойларни санамасдан, ҳар бир боланинг ҳуқуқи давлат томонидан кафолатланишини ёзиб қўйишни таклиф қилди.

Кейинги қадам

Депутатлар тизимни жорий этишга таълим муассасаларини тайёрлаш учун камида олти ой керак, деган фикрга келди. Қонун Сенатга юборилди; кўриб чиқилгач, уни президент имзолаши лозим.

Таълим эксперти Комил Жалилов тайёрлов дастури мактаб дастури билан қандай уйғунлашиши ҳали аниқ эмаслигини билдирган эди. У, шунингдек, битирувчилар хорижий олийгоҳларда Foundation дастурида қайта ўқимаслиги учун тизим ISCED-1 (бошланғич таълим) талабларига жавоб бериши кераклигини таъкидлаган.

Манба: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Улашиш: Telegram Facebook
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлингБизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг Обуна бўлинг