Бола тарбиясига эътиборсизлик учун ота-оналар жарима тўлайди: миқдорлар белгиланди

Расм сунъий интеллект ёрдамида яратилган
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ўз Телеграм каналида ёзишича, ЎРҚ-1180-сон Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси янги таҳрирда баён этилди. Энди бола тарбиясига эътиборсизлик учун ота-оналар жиддийроқ жавобгарликка тортилади.
Ким ва қачон жавобгар бўлади?
Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар имконияти бўла туриб, боланинг асосий эҳтиёжларини қасддан қондирмаса ва бу боланинг соғлиғи, жисмоний, ақлий ҳамда ахлоқий ривожланишига путур етказса, улар жавобгарликка тортилади.
Жарима миқдорлари
- Бола тарбияси бўйича мажбуриятларни бажармаслик ёки унга ғамхўрлик кўрсатмаслик учун БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, яъни 2,2–4,4 млн сўм;
- шу ҳолат бир йил ичида такрорланса — БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (4,4–6,6 млн сўм);
- вояга етмаганнинг мажбурий умумий ўрта, ўрта махсус ёки касб-ҳунар таълими олишига тўсқинлик қилгани учун — БҲМнинг 15 бараваридан 20 бараваригача (6,6–8,8 млн сўм);
- таълим олишга тўсқинлик бир йил ичида такрорланса — БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача (8,8–13,2 млн сўм) жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ.
Ота-оналар учун нимани англатади?
Янги таҳрир фарзанднинг ўқишини таъминлаш ота-онанинг зиммасидаги мажбурият эканини яна бир бор таъкидлайди. Хусусан, боланинг мажбурий таълим олишига тўсқинлик қилиш алоҳида, оғирроқ жарима билан белгиланган.
Қўмита таъкидлашича, боланинг соғлом ва билимли бўлиб ўсиши учун биринчи навбатда ота-она масъулдир.