Вазир ўринбосари номидан сохта хабарлар тарқатилмоқда: вазирлик огоҳлантирди

Таълим ва илм-фан вазирлиги фуқароларни, айниқса таълим ташкилотлари ходимларини эҳтиёт бўлишга чақирди. Вазирлик маълумотига кўра, фирибгарлар вазир ўринбосари Илҳом Сираджев номидан хабарлар тарқатмоқда.
Фирибгарлар қандай ҳаракат қилмоқда
Хабарлар “Сираджев Илхом Тохирович” номли аккаунтдан ёзилмоқда. Вазирлик бу аккаунт 2026 йил ноябрь ойида очилганини ва “Расмий аккаунт эмас” деб белгиланганини билдирди.
Хабарларда таълим ташкилотлари ходимларининг ҳужжатларида номувофиқликлар топилгани ва “ички текширув” ўтказилаётгани айтилади. Суҳбатдошдан ҳамкасблари ҳақида маълумот сўралади. Сўнг унга яқин орада “текширувчи” ёки бошқа “масъул ходим” қўнғироқ қилиши ҳақида огоҳлантирилади.
Вазирлик бундай хабарлар Илҳом Сираджев томонидан юборилмаганини, кўрсатилган аккаунт эса унинг шахсий Телеграм аккаунти эмаслигини таъкидлади.
Нима қилиш керак
- бундай хабарларга нисбатан ҳушёр бўлиш;
- уларга жавоб бермаслик;
- SMS орқали келган тасдиқлаш кодларини ҳеч кимга айтмаслик;
- шахсий маълумотлар, ҳужжатлар ва бошқа махфий ахборотни тақдим этмаслик.
Шубҳали хабар ёки қўнғироқ келса, уни расмий каналлар орқали текшириб кўрган маъқул.
Манба: Таълим ва илм-фан вазирлиги