Янгиликлар 12/02/2025 Бош соврини автомобиль бўлган олимпиада ташкил этилади

  Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ва Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Фан олимпиадалари маркази ҳамкорлигида математика, физика, информатика ва ахборот технологиялари фанлари бўйича Иқтидорли болалар республика олимпиадаси (ИБРО-2025) ташкил этилмоқда.

  Олимпиада тестбор.уз таълим платформасида 3 босқичда 2–11-синфлар ўртасида бўлиб ўтади. Таъкидланишича, 1-, 2- ва 3-ўринларни эгаллаган жами 18 нафар ўқувчи АКИТА ва Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетларига 100 фоиз грант ажратилади.

Бунда:

  • Биринчи босқич (туман) — онлайн тарзда 1–7 апрель кунлари ташкил этилади. Биринчи босқичда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш, қатнашиш ва натижаларни аниқлаш тестбор.уз таълим платформаси орқали амалга оширилади.
  • Иккинчи босқич – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида 13–20 май кунларида онлайн тарзда ўтказилади. Якуний танловда иштирок этиш учун иккинчи босқичда ҳар бир ҳудуд кесимида 1–5-ўринларни эгаллаган ўқувчилар саралаб олинади.
  • Учинчи босқич – Финал босқичи – 2–8-синф ўқувчилари учун онлайн шаклда ўтказилади. 10-11-синф ўқувчилари учун Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети биносида ўтказилади.

  Хабарда ёзилишича, энг фаол иштирок этиб, юқори ўринларни қўлга киритган мактаб жамоасига “Ўзавтосаноат” АЖ томонидан бош соврин – BYD Chazor автомобили топширилади.

  Бундан ташқари, ҳар бир фан кесимида юқори 10 талик ўринларни қўлга киритган ўқувчиларнинг устозлари ҳам тақдирланади.

#Янгиликлар  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг