Нодавлат таълим ташкилотларида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун ички ишлар органлари ходимлари лавозимларини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда ички ишлар вазирлиги тайёрлаган қарор лойиҳасида сўз боради. Ҳужжат норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган.
Лойиҳага кўра, 2026-йил 1-сентябрдан бошлаб нодавлат таълим ташкилотлари ўз маблағлари ҳисобидан янги штат бирликларини ташкил этиши мумкин бўлади.
Лойиҳада олий таълим ташкилотларида профилактика катта инспектори ва хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор лавозимлари назарда тутилган. Ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотларида эса вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог лавозимлари жорий этилиши кўзда тутилган.
Жараён ташкилот ҳудудий ички ишлар органларига мурожаат қилиши билан бошланади. Сўнг томонлар шартнома тузади ва лавозимлар ички ишлар вазирининг буйруғи асосида жорий этилади. Буйруқ қабул қилингач, ҳудудий органлар 30 кун ичида бўш лавозимни ходим билан тўлдириши керак.
Хусусий мактабларда вояга етмаганлар масалалари бўйича инспекторлар давоматни яхшилаш ва дарсларни муntazам қолдираётган ўқувчиларнинг сабабларини ўрганишда иштирок этади. Ҳужжатда ўқув ҳафтасида кетма-кет уч кун ёки бир ой ичида 10 кундан ортиқ сабабсиз дарс қолдириш мунтазам деб белгиланган.
Шунингдек, зўравонликка учраган болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш, назоратсиз қолган болаларга васий ёки ҳомий тайинлашда кўмаклашиш ҳам инспекторлар зиммасига юкланмоқда.
Нодавлат таълим ташкилотлари инспекторлар учун хизмат хонаси ажратиши, уни жиҳозлаши ва ҳар ўқув йили бошида ётоқхона ҳамда ижарада яшовчи талабалар билан ишлаш учун масъулларни бириктириши керак бўлади. Лойиҳа ҳали қабул қилинмаган, шунинг учун унинг якуний шакли муҳокама натижаларига боғлиқ бўлади.
Манба: Gazeta.uz
#Янгиликлар #Ўқувчи #Олийгоҳлар #Талаба #Тартиб қоида #Мактаб