Дунёнинг кўпгина мамлакатларида давлат нафақат университетларни қўллаб-қувватлайди, талабалар таълими учун пул ажратади, балки кам сонли талабаларга мўлжалланган йирик стипендия дастурларини молиялаштиради.
Айниқса, Европа давлатларида катта миқдорда стипендиялар берилади, бироқ стипендия олиш учун шунчаки талаба бўлиш камлик қилади – бунда оиланинг таълим учун даромади етарли эмаслигини тасдиқлаш ҳам керак.

Францияда давлат стипендияси
Француз университетларининг аксарияти давлатга тегишли бўлишига қарамай, уларда ўқиш бепул ёки номинал миқдорга тенг бўлса ҳам, Францияда барча талабалар учун мўлжалланган стипендиялар мавжуд эмас. Шу билан бирга, Франция ҳукумати стипендияларни ижтимоий мезонлар асосида белгилайди – бунда таълим вазирлиги тақсимлаш учун жавобгар. Асосий мезон – оила даромадлари. Ота-она даромадига қараб, талаба йилига 5,5 минг еврогача пул олади, шунингдек, алоҳида академик муваффақиятлари учун қўшимча рағбатлантирилиши мумкин.
Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимият томонидан қўшимча пул ажратилади – минтақа ёки яшаш жойига қараб, талабалар кичик ижтимоий стипендияларни олишлари мумкин. 2014 йилда Франция ҳукумати стипендия дастурларига қарийб 2 миллиард евро сарфлади ва 562 минг талаба стипендия олди.

Германияда давлат стипендияси
Немис тизими француз тизимига жуда ўхшаш – стипендиялар оила ва талабанинг даромадига қараб белгиланади: максимал миқдор – ойига 670 евро. Бироқ ушбу миқдорнинг ярми қайтариб берилмайди, ярмини талаба фоизсиз ссуда сифатида олади ва битиргандан кейин 20 йил ичида қайтаради.
Германия ҳукумати французларнинг стипендияларига тенг миқдорда – тахминан, 1,9 миллиард евро сарфлайди. 600 мингга яқин талабага стипендия беради.

Данияда давлат стипендияси
Дания стипендия тизими бўйича нафақат Европада, балки дунёдаги энг ғамхўр давлатлардан биридир. Ушбу мақсадлар учун ҳар йили қарийб 1,4 миллиард евро сарфланади, бу мамлакат аҳолисини ҳисобга олганда жуда катта миқдорни ташкил этади.
Ҳар бир талаба, оиласининг даромадидан қатъи назар, 70 евро ойлик стипендия олиш ҳуқуқига эга. Ота-онаси билан яшашни давом эттирадиганлар алоҳида яшайдиганларга қараганда камроқ миқдорда пул олади. Биринчи ҳолатда, максимал стипендия 380 евро, якка тартибда яшаш учун – 770 евро берилади. Ушбу тўловлар Данияда яшаш нархидан паст бўлишига қарамай, ҳукумат ўз талабаларига ўта сахийлик билан пул ажратади.

Хўш ўзимизда-чи? Айни пайтда Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ва Ўзбекистонда талабаларга қанча стипендия тўланади?
Ўзбекистонда давлат стипендияси
Давлат гранти, шунингдек, стипендияли тўлов-контракт асосида кундузги таълим шаклида ўқиётган талабаларга базавий стипендия берилади. Семестрни фақат "аъло" (86 фоиздан юқори) тарзда якунлаган талабаларнинг стипендиясига 20 фоиз қўшилади.
Лекин ўқув семестри якуни бўйича фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичларининг 30 фоиз ва ундан ортиқ қисми «қониқарли» баҳо (71 фоиздан паст) бўлган талабаларга кейинги семестр давомида стипендия тўланмайди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг берган маълумотга кўра, айни пайтда талабаларга тўланадиган базавий стипендия миқдори – 517 880 сўмни ташкил қилади. Барча фанлар бўйича фақат «аъло» ўзлаштириш кўрсаткичига (рейтинг кўрсаткичи 86 балл ва ундан юқори) эга бўлган талабалар учун стипендия – 621 456 сўм. Бундан ташқари, иқтидорли талабалар учун номдор стипендиялар ҳам таъсис этилган.
Рўйхатда кўриниб турибдики, энг қиммат стипендия – президент стипендияси.

Қозоғистонда давлат стипендияси
(2023 йил, янги ўқув йили ҳолатига кўра):

Қирғизистонда давлат стипендияси
Қирғизистонда (2022 йилги маълумот) талабаларнинг қанча стипендия олишига оид маълумотни фақат педагогика университетлари талабалари учун белгиланган миқдорини топа олдик. Унга кўра, 2022 йилги ўқув йили ҳолатига кўра, педагогика ОТМларининг 1-курс талабалари учун 1000 сом (137 минг сўм), 2-курс талабалари учун 2 000 сом (274 минг сўм), 3-курс талабалари учун 3 000 сом (411 минг сўм), 4-курс учун 4 000 сом (548 минг сўм) белгиланган.
Бундан ташқари, Қирғизистонда ҳам фаол талабалар учун президент стипендияси берилади. Бу стипендия фаол талабаларга бир марталик миқдорда 50 минг сом (2021 йилги миқдори – 6,8 млн сўм) тўланади.

Тожикистонда давлат стипендияси
2022 йилги маълумотга кўра, Тожикистонда талабалар оладиган ўртача юқори миқдордаги стипендия 368 сомони (405 минг сўм) ҳисобланади. Маълум бўлишича, бир талаба ойига ўртача 1,5 минг сомони харажат қилади. Бериладиган стипендия унинг ойлик харажатларининг фақат бир ҳафтасини қоплаши мумкин.
Тожикистон ва Қирғизистонга оид маълумотлар асосан 2022 йилга тегишли бўлса-да, очиқ маълумотлар асосида Қозоғистон талабалари энг юқори стипендия олади, деб хулоса қилиш мумкин.

Талабаларга бериладиган стипендиялар талабанинг сарф-харажатларига қанчалик етади деб ўйлайсиз. Фикрларингизни изоҳларда ёзиб қолдиринг.
Тўпловчи Маъмура Тўраева
#Мақола