Янгиликлар 28/04/2025 Тошкент давлат педагогика университети бинолари ва талабалар турар-жойлари сотувга қўйилди

Davletov.uz телеграм-каналида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг ўнлаб бино ва иншоотлари сотувга қўйилгани ҳақида маълумот пост жойланди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров эса ўзининг телеграмдаги саҳифасида ушбу ҳолатга нисбатан фикр билдирди.

“Талабалар ётоқхонаси ўзи дефицит, лекин ётоқхоналарни сотиш яна авж олмоқда. Тўғриси, бу масалада мантиқни тушуниш жуда қийин. Ҳукумат талабалар ётоқхоналари етишмовчилигини тан олиб, янги ётоқхоналар қурмоқда, бюджетдан ҳар йили юзлаб миллиард субсидия ажратилмоқда. Муаммонинг ижтимоий чуқурлиги шунчаликки, талабаларга ётоқхона етказиб бера олмагани учун, хусусий сектордан жой топаётган талабалар учун ижара ҳақининг бир қисмини қоплаб берилмоқда. Айни пайтда, ўзи дефицит бўлган ётоқхоналарни сотвориш тўхтагани йўқ”, – дейди Бакиров.

Ҳозирча ушбу ётоқхонада қанча талаба истиқомат қилиши ва бинолар сотилгач, университет талабалари қаерга кўчирилиши мумкинлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Шунингдек, 2024 йилнинг декабрь ойида АОКАда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова иштирокида ўтказилган брифингда республикадаги олийгоҳларда 27 364 ўринли талабалар турар жойи ва 10 500 ўринли ўқув бинолари яратилгани хабар қилинган эди. Бундан ташқари, брифингда давлат олий таълим муассасаларининг барча босқич талабаларини ётоқхоналарга жойлаштириш тўлиқ рақамлаштирилгани ҳақида маълумот берилган.

#Янгиликлар  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг