Олийгоҳлар 24/12/2024 Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти

  Ўзбекистонда фаолият юритаётган ОТМ лар ичида Буюк Британиянинг Бангор, Сандерленд ҳамда Тиссайд университетлари таълим дастурини йўлга қўйиб, шу даражадаги дипломлар берадиганлари саноқли. Шулардан бири эса Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти ҳисобланади. Университет туризм ва бизнес йўналишида республикада етакчи кадрларни тайёрлаб беради. 

Университет тарихи

 2007 йил январь ойида, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.Каримов Сингапур Республикасининг Президенти Жаноби Олийлари С.Р.Натаннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Сингапурга боради.  Ташриф чоғида Ўзбекистон-Сингапур ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари, томонларни қизиқтирган халқаро аҳамиятга молик долзарб муаммолар муҳокама қилинади.

 Кейинчалик, томонлар тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўқув дастурларини яратиш ва шу соҳани ривожлантиришга эътибор қаратишди. Шундан сўнг ТСМРИ (Тошкентдаги Сингапур Менежментни Ривожлантириш Институти) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 5 сентябрдаги қабул қилинган ПҚ-691-сонли қарорига мувофиқ ташкил этилган.     Бугунги кунда ТСМРИ Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар фуқаролари учун Тадбиркорлик ва менежмент, Бизнес ва маркетинг, Банк ва молия, Бухгалтерия ва молия, Бизнесда ҳисоб-китоб, Халқаро меҳмондўстликни бошқариш каби соҳаларида академик дастурлар орқали Буюк Британия университетлари билан ҳамкорлик қилган ҳолда профессионал ривожланиш имкониятини талабаларга бермоқда.

  ТСМРИ бакалавр ва магистратура дастурларини тақдим этади. Ушбу дастурлар якунида талабаларга топшириладиган сертификатлар Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, шунингдек, халқаро миқёсда тан олинган. Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан, шу билан бирга Жанубий Корея, Украина, Афғонистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистондан келган 3500 нафардан ортиқ талаба ТСМРИ да таҳсил олиб келмоқда.  2015 йил апрель ойида ТСМРИ Халқаро Стандартлаштириш Ташкилоти томонидан берилган ISO 9001: 2008 сертификатига эга бўлган, мамлакат миқёсида халқаро сифат сертификатини олган биринчи олий ўқув юрти ҳисобланади.

  Ҳозирда 5,2 гектардан ортиқ майдонни эгаллаган ТСМРИ да замонавий ўқув ва маъруза хоналари, компьютер лабораториялари, меҳмонхона амалиёт лабораторияси, теннис корти, ёпиқ сузиш ҳавзаси, ёпиқ баскетбол ва волейбол майдонлари, футбол, тренажёр зали ва югуриш учун мўлжалланган йўлак мавжуд. Шунингдек, Тошкентдаги Сингапур Менежментни Ривожлантириш Институти ҳудудида Ўзбекистоннинг турли ҳудудлари ва чет элдан келган талабалар учун мослаштирилган 140 та ўрнига эга бўлган, талабалар турар жойи ҳам мавжуд.               Ётоқхона маъмурияти томонидан қатъий қонун-қоидалар ўрнатилган ва унга кўра талабалар қатъий тартиб-интизомга риоя қилишлари шарт. Ётоқхона ҳудудида 24 соатлик хавфсизлик хизмати мавжуд. Норезидентлар ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлмаган шахслар ётоқхонага киришлари қатъиян ман этилади.            Ҳозирги кунда, ТСМРИ да 200 га яқин ходим ишлайди. Маҳаллий мутахассислар билан бир қаторда, ТСМРИ ўз талабалари учун энг яхши ўқув тажрибасини таъминлаш мақсадида таниқли истеъдодларни жалб қилишга интилади. шу жумладан Сингапур, Америка, Туркия, Буюк Британия, Эрон, Испания, Жанубий Корея ва бошқа кўплаб юқори малакали профессор-ўқитувчилар ҳам мавжуд.            Шунингдек, олийгоҳда талабаларга ажратилган грантлар ва имтиёзлардан самарали фойдаланиш мумкин. Ижтимоий фаол талабалар 4 йиллик шартнома учун тўловни қўлга киритишлари, ўқиш билан бирга иш фаолиятини ҳам олиб боришлари мумкин.   

   Тўпловчи Маъмура Тўраева               

 

                            

 

#Олийгоҳлар  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг