Янгиликлар 02/05/2025 Хусусий ОТМларни лицензиялаш ва назорат қилиш билан шуғулланувчи мустақил алоҳида ташкилот тузилади

Президент Шавкат Мирзиёев 30 апрель куни нодавлат таълим хизматлари тизимини такомиллаштириш, олий ва касбий таълимда сифатни ошириш чора-тадбирлари тақдимоти билан танишди.

Сўнгги йилларда таълим соҳасида хусусий секторга берилган имкониятлар туфайли 71 та хусусий олийгоҳ ва 51 та хусусий техникум ташкил этилиб, уларда 500 минг нафарга яқин талаба ва ўқувчилар таҳсил олмоқда. Бунинг натижасида мамлакатда олий таълим билан қамров 9 фоиздан 42 фоизга ошган.

Тақдимот давомида нодавлат таълим ташкилотларида қабул параметрлари, таълим дастурлари, ўқув жараёнлари ҳамда илмий салоҳиятни сифат жиҳатидан яхшилаш, уларни замонавий меҳнат бозори эҳтиёжларига мослаштириш энг асосий масалалардан бири эканлиги ҳам таъкидлаб ўтилди.

Шу боис нодавлат таълим хизматларини кўрсатишни тартибга солиш, лицензиялаш тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат аккредитациясидан ўтказиш бўйича янги тизимни жорий этишга қаратилган таклифлар муҳокама қилинди.

Бу борада хорижий тажрибалар асосида икки босқичли лицензиялаш тизимига ўтиш, таълим дастурларини махсус аккредитациядан ўтказиш ҳамда ҳар беш йилда комплекс давлат аккредитациясини ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди.

Шунингдек, тақдимотда ривожланган давлатларнинг энг илғор тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, таълим сифатини ташқи баҳолаш билан шуғулланувчи алоҳида мустақил тузилма ташкил этиш ҳамда сифат назоратининг шаффоф, холис ва адолатли тизимини жорий қилиш ташаббуси ҳам илгари сурилди.

#Янгиликлар  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг