Вазирлар Маҳкамасининг (2022 йил 9 июндаги 322-сон) қарорига кўра, мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажи мавжуд, бироқ олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизлар давлат олий таълим муассасаларига алоҳида қабул параметрлари (жами 500 та квота) доирасида тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиниши белгиланган.
Ушбу имтиёздан фойдаланмоқчи бўлган хотин-қизлар Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг тавсияномасига эга бўлишлари лозим.
Тавсиянома олиш учун талабгорлар қуйидаги мезонларнинг барчасига мувофиқ келиши керак:
Мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга бўлган, лекин олий маълумотга эга бўлмаган, ўрта махсус ёки профессионал таълим муассасаларини тамомлаган талабгорлар жорий йилнинг 1 июнига қадар (шу куни ҳам) ариза билан доимий яшаш ёки вақтинча рўйхатда турган жойидаги туман (шаҳар) Ишчи гуруҳларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этган ҳолатда мурожаат этади:
1. Фуқаролик паспорти ёки ID карта нусхаси.
2. Меҳнат дафтарчаси (электрон меҳнат дафтарчаси)дан кўчирма.
3. Ўрта-махсус ёки профессионал таълим бўйича диплом.
Талабгорлар томонидан тақдим этилган ариза ва ҳужжатлар туман (шаҳар) Ишчи гуруҳлари томонидан ўрнатилган тартибда 1-7 июнь кунлари кўриб чиқилади ва тавсиянома бериш ёки тавсиянома беришни рад этиш тўғрисида хулоса қабул қилинади.
Ишчи гуруҳ хулосаси асосида хотин-қизларга тавсиянома беришга тавсия этиш ёки уни рад этиш тўғрисида 7-10 июнь кунлари туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиқлари томонидан қарор қабул қилинади ҳамда уни Оила ва хотин-қизлар қўмитасига кўриб чиқиш учун тақдим этилади.
Ҳар йили 10 июндан 14 июнга қадар Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси томонидан тақдим этилган қарор ва унга илова қилинган ҳужжатлар кўриб чиқилиб, Қўмита раисининг тавсияномаларни бериш ёки уни рад этиш тўғрисидаги буйруғи чиқарилади ва 15 июнга қадар тавсияномалар ўз эгаларига етказилади.
Эслатма! Тавсиянома берилган кундан бошлаб уч йил муддат давомида фақат бир марта олий таълим муассасасига қабул қилиниши учун амал қилади.
Тавсияномага эга бўлган хотин-қизлар ҳақидаги маълумотлар уларнинг иш фаолиятига мос бўлган йўналишларини кўрсатган ҳолда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан Олий таълим ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг махсус дастурига киритилади.
Тавсияномага эга бўлган хотин-қизлар учун танловлар умумий тартибда давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш имтиҳонлари (тест синови, касбий (ижодий) имтиҳон) доирасида ўтказилади.
Кириш имтиҳонлари якунларига кўра, тўпланган балл бўйича талабаликка тавсия этилмаган, бироқ тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 30 фоизини ва ундан кам бўлмаган баллни тўплаган тавсияномага эга бўлган хотин-қизлар Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тақсимланган квоталар асосида, баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этилган ҳолда, алоҳида қабул параметрлари (жами 500 та квота) доирасида танловга кўра тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилади.
Шунингдек, 2022-2023 ўқув йилида тавсиянома олган, бироқ олий таълим муассасаларида талабаликка тавсия этилмаган хотин-қизларнинг тавсияномалари 2023-2024 йиллар учун ҳам амал қилади.
#Янгиликлар