Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтида талабалар ва ёш олимлар учун муҳим воқеа бўлган “Морфология ва жарроҳлик” мавзусидаги халқаро форум бўлиб ўтди. Ушбу форум талабалар ва ёш олимлар учун нафақат билим ва тажриба алмашиш майдони, балки тиббиёт соҳасидаги сўнгги янгиликлар билан танишиш имкониятини ҳам яратди.
Очилиш маросимида юртимизнинг 10 дан зиёд олий таълим муассасалари вакиллари билан бир қаторда Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган нуфузли университет жамоалари қатнашди. Халқаро иштирок форумнинг нуфузини янада ошириб, талабалар ва ёш олимлар учун турли давлатлар тажрибалари билан танишиш имкониятини яратди.
Тадбир доирасида бўлажак тиббиёт ходимларининг амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида халқаро олимпиада ва илмий-амалий семинарлар ташкил этилди. Конференцияларда жарроҳлик соҳасидаги энг сўнгги ютуқлар, замонавий инновацион усуллар ҳамда илмий тадқиқотлар кенг муҳокама қилинди.
Форум жараёнида талабалар ва ёш шифокорлар чўчқа ва бошқа ҳайвонларда юрак, жигар ва буйрак каби органларни кўчириб ўтказиш бўйича амалий машғулотларда иштирок этишди. Бу жараён ёш шифокорларга жарроҳликдаги муҳим маҳоратларини синовдан ўтказиш имконини берди. Шу билан бирга, талабалар ўзларининг хорижий тилларни қанчалик яхши билишларини ҳам намоён этишди, бу эса уларнинг халқаро миқёсда ишлаш салоҳиятини кўрсатиб берди.
Форум давомида қўшни давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасаларидан ташриф буюрган талабалар ўзаро яқин дўстлашиш имконига эга бўлишди. Турли мамлакатдан келган ёшлар тажриба алмашиш жараёнида янгича ғоялар билан ўртоқлашишди ва келгусидаги ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратишди. Бу каби самимий алоқалар талабаларнинг келажакда ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб боришлари ва тиббиёт соҳасида минтақавий интеграцияни ривожлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Форум якунида ўтказилган тақдирлаш маросимида талабалар ва ёш олимлар 44 та номинация бўйича институт ректори Шуҳрат Тешаев томонидан тақдирланди. Ғолибларга сертификатлар ва эсдалик совғалар топширилди. Бу мукофотлар ёшларнинг келгуси фаолиятида катта рағбат манбаи бўлиши шубҳасиз.
Бундай халқаро форумлар талабалар ва ёш олимларнинг тиббиёт соҳасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, ўз соҳаcида юқори натижаларга эришишлари учун катта имкониятлар яратиши билан аҳамиятлидир. Шунингдек, бу каби тадбирлар тиббиёт соҳасидаги илмий тадқиқотлар ривожига ҳисса қўшиб, келгусида юртимиз шифокорларининг малакасини янада оширишга хизмат қилади. Энг муҳими, талабалар ўртасидаги яқин дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари келажакда халқлар ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшади.
#Таълим телеканали #Янгиликлар