Янгиликлар 26/05/2025 Давлат ОТМ ларида қабул қачондан бошланади?

Президентнинг 2024-йилги ‘‘Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаъъги фармонига кўра, 2024/2025-ўқув йилидан бошлаб давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига (касб-ҳунар мактаби бундан мустасно) қабул қилиш бўйича имтиҳонлар “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ бир вақтда ўтказилиши белгиланган.

Бунда:

а) абитуриентлар ўз танловига кўра тест синови натижасида тўплаган балидан келиб чиқиб, дастлаб олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишларига, сўнг профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун танловда иштирок этади;

б) давлат олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул жараёни қуйидаги икки босқичда амалга оширилади:

биринчи босқичда абитуриентлар ҳар йили 5 июндан 25 июнга қадар (25 июнь куни ҳам) тест синови топшириш учун рўйхатдан ўтади ҳамда тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, таълим тили ва тест топшириш ҳудудини ҳамда кириш имтиҳонлари таркибида касбий (ижодий) имтиҳон бўлса, ушбу имтиҳонни топширадиган давлат ОТМ ни танлайди.

Бунда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича ягона касбий (ижодий) имтиҳонлар дастурлари ва баҳолаш мезонлари тегишли вазирликлар (идоралар) томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади;

ўқишга қабул қилиш бўйича кириш имтиҳонлари июль–август ойларида ўтказилади;

иккинчи босқичда абитуриентлар тест синовлари тўлиқ якунланганидан сўнг 15 кун давомида олий таълим муассасаси, бакалавриат таълим йўналиши ва таълим шаклини танлайди;

в) 2025/2026-ўқув йили қабулидан бошлаб фанлар мажмуасида чет тили биринчи фан сифатида белгиланган таълим йўналишларига қабул хорижий тилни билиш даражасини белгиловчи миллий ёки халқаро сертификат асосида амалга оширилади;

г) барча давлат коллеж ва техникумларига “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ қабул қилишда абитуриентлар коллеж ва (ёки) техникумни, касб ва мутахассисликни ҳамда таълим шаклини олий таълим муассасаларига қабулнинг якуний натижаси эълон қилинганидан сўнг 10 кун муддатда танлайди.

— Бакалавр учун қабул (5 июндан – 25 июнга қадар) – my.uzbmb.uz;

— Магистратура мутахассисликларига қабул (1 июлдан 30 июлга қадар) – magistr.edu.uz;

— Иккинчи мутахассисликка қабул (10 июлдан 10 августга қадар) – my.edu.uz;

— Ўқишни кўчириш (15 июлдан 5 августга қадар) – transfer.edu.uz  — давлат ОТМнинг биридан бошқасига;

my.uzbmb.uz  — хорижий мамлакатларда ёки республикада фаолият юритаётган хорижий ва нодавлат ОТМдан давлат ОТМларига.

Амалдаги қонунчиликка кўра, нодавлат олий таълим ташкилотларига қабул жараёнлари ҳар йили июнь-сентябрь ойларида бўлиб ўтиши белгиланган.

#Янгиликлар  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг