Олийгоҳлар Дарсликлар Хусусий мактаблар Олийгоҳ танлаш боти
Ўзбек ▾
O'zbekЎзбекРусскийIngliz tili
Янгиликлар

Erasmus+ дастурининг 2027-йилги танлови эълон қилинди: олийгоҳлар учун янги имконият

Erasmus+ дастурининг 2027-йилги танлови эълон қилинди: олийгоҳлар учун янги имконият

Фото: Таълим Телеканали

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 19-ноябрь куни «Олий таълимни ривожлантириш истиқболлари» мавзуидаги Erasmus+ экспертларининг халқаро конференцияси ва «Илмий ахборотдан фойдаланиш ва нашр фаоллиги» 10-анъанавий илмий-таълим форуми бўлиб ўтди. Тадбирни Таълим ва илм-фан вазирлиги, Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ва Erasmus+ Миллий офиси ҳамкорликда ташкил этди.

Анжуманда олий таълим муассасалари раҳбарлари, халқаро экспертлар ва Erasmus+ лойиҳалари координаторлари иштирок этди. Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистондан мутахассислар келган, Туркманистон вакиллари эса онлайн қатнашган.

Erasmus+ нинг 2027-йилги танлови

Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази директори ўринбосари Хабибулло Носировнинг маълум қилишича, 18-ноябрь куни Erasmus+ дастурининг 2027-йилги лойиҳа таклифлари танлови расман эълон қилинди. Марказ ўқитувчилар таълими, институционал салоҳиятни ошириш, рақамли трансформация, таълим сифатини таъминлаш ҳамда университет ва мактаблар ҳамкорлигига қаратилган лойиҳаларни алоҳида қўллаб-қувватлайди.

Носиров 3-октябрдаги Президент фармони билан Таълим ва илм-фан вазирлиги ташкил этилганини эслатиб, мактабгача таълимдан олий таълим ва илмий тадқиқотларгача ягона тизим шаклланаётганини қайд этди.

Илмий нашр этикаси масаласи

Конференцияда сенатор Орал Атаниязова илмий тадқиқотлар сифати ва нашр этикаси масалаларига тўхталди. Унинг таъкидлашича, сифатсиз илмий мақолалар, плагиат, маълумотларни сохталаштириш ва текширувсиз мақола чоп этадиган журналлар кўпаймоқда.

Университетлар натижалари

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Қўнғиротбой Шариповнинг айтишича, университет профессор-ўқитувчилари Erasmus+ доирасида умумий қиймати 450 минг долларлик бешта грант лойиҳасини амалга оширган. Университет талабалари эса Италия, Польша, Германия, Словакия ва Руминия олийгоҳларида таҳсил олмоқда.

Тадбир давомида Erasmus+ лойиҳаларида фаол иштирок этган ташкилотлар тақдирланди. Жумладан, 2026-йилги танловда UzEcoDigit, Food4Future ва GreenTex лойиҳалари молиялаштириш учун саралаган Жиззах политехника институти ҳамда бир қатор халқаро лойиҳаларда иштирок этаётган Тошкентдаги Вестминстер халқаро университети эътироф этилди. 2021–2027-йилларда саккизта Erasmus+ лойиҳасида қатнашган Тошкентдаги Кимё халқаро университети ҳамда янги магистратура мутахассисликлари ва қўшма диплом дастурларини йўлга қўйган «ТИҚХММИ» Миллий тадқиқот университети ҳам тақдирланди.

Конференция 20-ноябрь куни Халқаро Нордик университетида давом этади. Унда Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи олийгоҳлари ҳамкорлиги, Erasmus+ дастурининг 2027-йилги қўшма лойиҳалари ҳамда илмий нашрлар фаоллигини ошириш масалалари муҳокама қилинади.

Манба: Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази

Улашиш: Telegram Facebook
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлингБизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг Обуна бўлинг