Мазкур тартиб бўйича кўплаб саволлар юзага келаётгани сабабли, Олий таълим вазирлигининг масъуллари билан боғланган Хушнудбек Худойбердиев, айрим масалаларга аниқлик киритишга ҳаракат қилди.
❓Нечанчи курсларга тааллуқли?
✅ ЖАВОБ: ушбу тартибни қўллаш 2024/2025-ўқув йилида талаба бўлганлардан бошланади. Бошқача айтганда, ҳозирги 1-курсларга тааллуқли. Яъни ҳозирги 1-курслар учун ёз ойида грант ўринлари қайта тақсимланади.
Ҳозирда иккинчи ва ундан юқори курсда ўқиётган талабаларда ҳеч нарса ўзгармайди. Яъни ҳозир 2-курсда грантда ўқиётган талаба токи тугатгунгача грантда қолади, ўзлаштириш кўрсаткичидан қатъи назар.
❓Магистрларга тааллуқлими?
✅ ЖАВОБ: ҳа, ушбу тартиб магистрларга ҳам тааллуқли. Яъни 1-курсда ўқиётган магистрларнинг грантлари ёзда қайта тақсимланади.
Бунда, қуйидагиларни инобатга олиш зарур:
1) ўзлаштириш кўрсаткичидан қатъи назар, магистратурада таҳсил олаётган қизлар учун давлат бюджетидан контрактларини тўлаб бериш давом этади;
2) тўлиқ давлат грантидан иборат мутахассисликлар учун ушбу тартиб қўлланмайди, чунки бундан маъно йўқ;
3) ўқиш муддати 1 йилни ташкил қилувчи мутахассисликларда ҳам ушбу тартиб қўлланмайди, бу ҳам мантиқан тушунарли.
❓Имтиёз билан грантга кирганларга ҳам амал қиладими?
✅ ЖАВОБ: имтиёз асосида давлат грантига кирган талабаларга ушбу тартиб қўлланмайди, яъни уларга грант 4 йил муддатга берилади. Бунда ўзлаштириш кўрсаткичи аҳамиятга эга эмас. Имтиёз деганда, масалан, халқаро олимпиада ғолиблари, турли давлат мукофоти соҳиблари, орган ходимларининг фарзандлари, ногиронлиги бор абитуриентлар, тавсиянома олган хотин-қизлар ва бошқалар назарда тутилмоқда.
❓Мақсадли қабул билан кирганларга-чи?
✅ ЖАВОБ: мақсадли қабулга кирганлар учун ҳам, ўзлаштириш кўрсаткичидан қатъи назар, давлат гранти 4 йилга берилади. Янги тартиб уларга қўлланмайди.
❓Бир марта давлат грантидан маҳрум бўлган талаба кейинги ўқув йилида яна грантга талабгор бўла оладими?
✅ ЖАВОБ: Ҳа, талабгор бўла олади. Грант ўринлари учун танлов ҳар йили июль-август ойларида янгидан ўтказилади. Бунда ўтган йилги танлов натижалари ҳисобга олинмайди. Барчаси янгидан бошланади. Жорий ўқув йили давомида GPA кўрсаткичи 3,5 дан баланд бўлган барча талабалар грантга даъво қила олади.
Бошқача айтганда, бир марта грантдан маҳрум бўлган талаба келаси йили яхши ўқиса, яна грант олиши мумкин.
#Янгиликлар