Фото: Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети Ахборот хизмати
Ҳарбий хизматда бир лаҳзалик қарор ҳам бутун вазиятнинг кейинги ривожини белгилаши мумкин. Шу боис бугунги офицердан фақат билим ва тажриба эмас, вазиятни тез баҳолаш, асосли қарор қабул қилиш ва уни аниқ ҳаракатга айлантира олиш талаб этилади.
Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетида “Ҳарбий касбий тайёргарлик” ўқув курсининг навбатдаги битирувчиларига сертификатлар топширилди. Курслар университет ҳамда унинг таркибидаги институт ва факультетларда ташкил этилган.
Учувчисиз учиш аппаратлари, алоқа ва бошқарув тизимлари, радиоэлектрон кураш воситалари каби йўналишлар жадал янгиланмоқда. Бу ҳарбий кадрлар тайёргарлигига ҳам янги талаблар қўяди: офицер бир марта эгаллаган билим билан чекланмай, касбий салоҳиятини мунтазам ошириб бориши зарур.

Курсда оператив-тактик бўғиндаги офицерлар иштирок этди. Ўқув дастурига қуйидагилар киритилган:
Машғулотларни университетнинг малакали профессор-ўқитувчилари ва тажрибали йўриқчилар олиб борди. Курс бошида кириш тестлари орқали тингловчиларнинг тайёргарлик даражаси аниқланиб, ўқув жараёнининг устувор йўналишлари шунга қараб белгиланди.
Курс сентябрдан майгача давом этади, ҳар бир ўқув босқичи 138 соатга мўлжалланган. Босқич якунида билим ва кўникмалар баҳоланади, талабларни муваффақиятли бажарганларга сертификат берилади.

“Бугунги ҳарбий вазифаларнинг мураккаблиги офицердан билимини мунтазам янгилаб, уни амалий кўникмага айлантиришни талаб этади. Ҳарбий касбий тайёргарликнинг асосий мезони — ўзлаштирилган билимнинг хизматдаги натижасидир”, — дейди университетнинг Ўқув ва услубий ишларни мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи подполковник Иброҳим Хамдамов.
Курс тингловчиси подполковник Шерзод Ғафуровнинг сўзларига кўра, машғулотлар давомида ҳарбий хизматчининг мавжуд тажрибаси янги билим ва ёндашувлар билан бойитилиб, мураккаб вазифаларга тайёрлиги мустаҳкамланди. “Курс давомида ўзим учун керакли билимларга эга бўлдим”, — дейди у.
“Ҳарбий касбий тайёргарлик” курсларининг илк бор тизимли равишда ташкил этилиши муҳим ёндашувни кўрсатади: замонавий армияга билимли офицернинг ўзи кифоя эмас, ўзгарувчан шароитда билимини амалиётга татбиқ эта оладиган мутахассис керак.

Манба: Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети Ахборот хизмати
#Олийгоҳлар