Репостлар 29/12/2024 Илғор муҳандислик мактабларини ташкил этишда Россия тажрибаси ўрганилди

Россия Федерациясида илғор муҳандислик мактаблари ташкил этилиши тажрибасини ўрганиш ҳамда уларни Ўзбекистоннинг турдош олийгоҳларида биргаликда ташкил қилиш бўйича янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш мақсадида сўнгги икки кун давомида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва бир қатор муҳандислик олийгоҳлари раҳбарияти вакиллари Москва шаҳрида хизмат сафарида бўлиб қайтдилар.

 

Сафар давомида муҳандислик соҳасида Россиянинг илғор олий таълим муассасалари – Н. Э. Бауман номидаги Москва давлат техника университети, Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети ва “МИФИ” миллий тадқиқот ядро университетига ташриф буюрилди ва Ўзбекистон делегацияси учун ушбу университетлар бўйлаб батафсил танишув экскурсиялари ташкил этилди, икки томон олий таълим вазирликлари ўртасида расмий музокаралар ўтказилди.

Хусусан, Н. Э. Бауман номидаги Москва давлат техника университети ҳузурида 2022 йилда ташкил қилинган “Ракета-космик соҳада тизимли инженерия” номли илғор муҳандислик мактабига ташриф давомида унинг фаолияти йўналишлари, саноат ҳамкорлари билан ишлаш жараёни ва эришилган ютуқлар намойиш этилди. Илғор муҳандислик мактаби учун яратилган илмий-ўқув лабораториялари ўрганилди.Университет билан танишув давомида Ўзбекистон делегациясига ректор М. Гордин, Россия фан ва олий таълим вазири ўринбосари А. Омелчук ва Россия Федерацияси Ҳукумати девони масъул ходимлари ҳамроҳлик қилдилар.

Н. Э. Бауман номидаги Москва давлат техника университети (МДТУ) ректори М. Гордин “МДТУнинг келгусида Ўзбекистонда ташкил қилинадиган филиали икки мамлакат эҳтиёжи учун хизмат қилиши лозим”лигига ҳамда филиалда ҳам таълим ва илмий лойиҳалар сифати юқори даражада бўлишини таъминлаш муҳим эканлигига урғу берди.

Ўзбекистон вакиллари Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети ва “МИФИ” миллий тадқиқот ядро университетининг бўлинмаларида амалга оширилаётган лойиҳаларни ўргандилар ҳамда уларни Ўзбекистонда ҳам йўлга қўйиш имконияти тўғрисида фикр алмашдилар.

Сафар давомида олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари О.Маҳкамов Россия Федерацияси Фан ва олий таълим вазири ўринбосари К.Могилевский билан алоҳида музокара ўтказди. Учрашувда томонлар Ўзбекистондаги Россия олийгоҳларининг фаолиятини янада такомиллаштириш, хусусан, муҳандислик-техника соҳаларига ихтисослашган филиалларда республика иқтисодиёти учун муҳим йўналишларда илғор муҳандислик мактабларини яратишда ҳамкорлик қилишга ва ушбу лойиҳаларга Россия томонидан йирик саноат ҳамкорларини жалб қилиб боришга келишдилар.

Суҳбат давомида расмийлар, шунингдек, 2025 йилда қўшма илмий лойиҳалар танловини ўтказиш ва шу орқали икки мамлакат олимлари ҳамкорликда ишлаб чиққан долзарб илмий лойиҳаларни танлов асосида биргаликда молиялаштириш бўйича келишувга эришдилар.

Манба: https://t.me/eduuz/29318

#Таълим телеканали   #Мактаб  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг