Мушак дистрофияси билан оғриган жанубий кореялик талаба ўз диссертациясини кўз ҳаракати билан ёзиб, магистрлик даражасини қўлга киритди.
Фақат кўз ҳаракати ва нутқидан ташқари бутун танаси фалаж бўлиб қолган 37 ёшли Жанг Ик Сун беш ёшида мушакларни заифлаштирадиган бедаво дардга чалинган, бу эса унинг ҳаракат қилиш қобилиятини аста-секин йўқолишига сабаб бўлган. Шунга қарамай, талаба ўз таълимини тинимсиз давом эттирган.
Жанг Ик Сун Жанубий Кореянинг ўрта ва юқори синфлар учун мўлжалланган мактаб имтиҳонларини муваффақиятли топширгач, Гвангжу университетининг Ижтимоий фаровонлик факультетида бакалавр даражасини олган. 2019 йилда ушбу университетнинг Ижтимоий фаровонлик бўйича магистратура дастурига ўқишга кириб, 2021 йилда ўқишни тамомлаган.
Гванжу университети 21 февраль куни 2024-ўқув йилининг биринчи битирув маросимида Жанг расман магистрлик даражасини олганини тасдиқлаган. Талаба шунингдек, ўз ютуғи учун академик мукофот билан тақдирланган.
Ўқиш ҳар қадамда унга қийинчилик туғдирарди. Қўлда ёзолмагани сабабли, электрон шакли бўлмаган китобларни рақамлаштириш учун шахсий сканерига таянган.
“15 йил олдин ҳам қўлимни столга қўйиб, ёза олишим мумкин эди. Энди эса бу ҳам имконсиз” , – деди у битирув маросимида.
Талаба маълумотларни ёдлашга ҳам қийналган, чунки ўқиганларини қайд қилиб ололмасди.
Жанг кун давомида Кванжу мушак дистрофияси ассоциациясида ишлаган ва мушак дистрофияси деб номланувчи 30 га яқин генетик мушак касалликлари гуруҳига эга одамларни ҳимоя қилган. Кечаси аспирантура дарсларида қатнашар, кўпинча унга маъруза материалларини транскрипция қиладиган ёрдамчининг ёрдами билан эрта тонггача ўқирди.
Унинг энг катта қийинчиликлари магистрлик диссертациясини ёзиш пайтида юзага келган. Кўз ҳаракатларини курсор буйруқларига айлантирувчи қурилма – кўзни кузатувчи сичқончадан фойдаланиб, у ҳар бир сўзни, ҳарфма-ҳарф, кўзини юмиб очиш орқали терган.
Унинг тадқиқотлари мушакларда нуқсони бўлган одамларнинг яшаш ҳуқуқига қаратилган бўлиб, етарли даражада парвариш бўлмаслиги оқибатларини ифодалайди. У кислород аппаратига уланган беморларнинг қисқа муддат ёлғиз қолиши ҳам ҳалокатли оқибатларга олиб келган ҳолатларни қайд этади.
“Биз учун фаолиятни қўллаб-қувватлаш омон қолиш масаласидир”, дея Жанубий Корея ҳукумати оғир ногиронлар учун атиги олти соатлик ғамхўрлик ёрдамини субсидиялаши хавфли даражада етарли эмаслигини танқид қилди.