Таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимов мактаб директорларини вазирлик билан келишмасдан йиғилишларга чақириш тақиқлангани ма’лум қилди. Бу фикр у Самарқандда таълим соҳаси вакиллари билан ўтказилган учрашувда билдирилган. Маълумот Samarqand live Telegram канали орқали тарқатилган.
Вазирнинг сўзларига кўра, мактаб раҳбарлари вақтини сон-саноқсиз йиғилишларда эмас, бевосита ўз вазифаларига, яъни таълим мазмунига эътибор қаратиб ўтказиши керак. У мактаб таълим билан, боғча эса тарбия билан шуғулланишини таъкидлади. Хўжалик масалалари бўйича мажлис керак бўлса, бунинг учун завхоз (хўжалик мудири) борлигини айтди.
Турдимов тақиққа ким таклиф қилишидан қатъи назар, унга сўзсиз амал қилиниши кераклигини таъкидлади.
Учрашувда вазир хусусий таълим тадбиркорларининг таклифларини тинглаб, нодавлат мактаб ва боғчаларни литсензиялаш тартибини қайта кўриб чиқиш тарафдори эканини билдирди. Унинг фикрича, СЭС, қурилиш ва ёнғин хавфсизлиги ташкилотлари рухсат берган объектга вазирлик алоҳида литсензия бериши савол туғдиради.
Шунингдек, таълим ташкилотларининг мурожаатлари учун алоҳида электрон платформа ишга туширилиши режалаштирилгани айтилди. Самарқанд вилояти Қурилиш бошқармаси фаолияти ҳам танқид қилинди. Бошқарма раҳбари вилоятда қурилиш ҳужжатлари бўйича 522 та муаммоли масала борлигини, улардан 5 таси хусусий таълим муассасаларига тегишли эканини маълум қилди.
Вазир янги қонунлар ёки янгиликлар ўйлаб топиш шарт эмаслигини, асосий вазифа эса интизомни йўлга қўйиш ва талабчанликни ошириш эканини таъкидлади.
Манба: Gazeta.uz
#Янгиликлар #Тартиб қоида #Мактаб