Репостлар 21/01/2025 Нидерландиянинг Hague академиясидан халқаро ҳуқуқ бўйича таҳсил олиш учун тўлиқ грант

Умумий маълумотлар

Нидерландиянинг Гаага халқаро ҳуқуқ академияси томонидан халқаро ҳуқуқ соҳасида таҳсил олаётган талабалар ва ушбу соҳадаги ҳуқуқшунос, дипломат, адвокат ва шу каби мутахассислар учун қишки ва ёзги курслар эълон қилинган. Дарслар инглиз ва француз тилларида олиб борилади ва синхрон тарзда қолган тилларга таржима қилинади. Шунинг учун ҳам номзодлардан инглиз ёки француз тилларидан бирини билиш талаб қилинади.

Дастур доирасида иштирокчиларга ҳуқуқ соҳасидаги Public International Law ва Private International Law курсларида ўқиш имконияти яратилган. Дастурда грант орқали қатнашаётганлар ушбу курслардан фақатгина биттасида, ўз маблағи орқали қатнашаётганлар эса иккаласида ҳам иштирок этишлари мумкин бўлади. Дастурда ажратилган ўринларнинг 15% фоизи грант учун, қолганлари эса ўз ҳисобидан қатнашаётганлар учун ажратилади. Грант соҳибларининг турар-жой, йўл ва курсда ўқиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади. Дастурнинг ёзги курсларига қабул жараёни 2024 йил 1 ноябрдан Тошкент вақти билан 2025 йил 31 январгача давом этади.

Дастур ҳақида ушбу ҳавола орқали тўлиқ маълумот олиш мумкин.

Мақбуллик шартлари

Дастурда иштирок этиш учун қуйидаги талаблар мавжуд:

  • Дастурда барча давлат фуқаролари иштирок этишлари мумкин;
  • Дастурга ҳуқуқ соҳасида камида 3-курсда ўқиётган талабалар ёки университетни битириб шу соҳада фаолият юритаётганлар ариза топширишлари мумкин. Агар номзод университетда айнан ҳуқуқ соҳасида эмас, лекин халқаро ҳуқуқ соҳасида маъруза ўқиладиган йўналишда камида 4 йил ўқиган (4-курс) бўлса ҳам ариза топшириш ҳуқуқига эга;
  • Иштирокчилардан инглиз ёки француз тилларидан бирини академик даражада билиш талаб қилинади. Чунки дарслар инглиз ва француз тилларида олиб борилади;
  • Номзод ариза шаклини топшириш жараёнида (мотиватсион хат ёзиш мобайнида) дастурда қатнашиш учун кучли қизиқишини намоён этиши лозим;
  • Аввал ҳам ушбу грантни ютиб олган номзодлар грант учун қайтадан ариза топшира олмайдилар;
  • Дастурда грант орқали иштирок этмоқчи бўлганлар икки курсдан фақат бири учунгина ариза топширишлари мумкин.

Фойдали томонлари

Дастурнинг қуйидаги фойдали жиҳатлари мавжуд:

  • Дастурда иштирок этиш харажатлари тўлаб берилади;
  • Номзоднинг йўл харажатлари дастур маъмурияти томонидан қопланади. Йўл харажатлари учун пул поезд билан келадиганлар учун 2-класс, самолётда келадиганлар учун эса эконом классга етадиган миқдорда берилади. Бу миқдор Марказий Осиё, шунингдек Ўзбекистон фуқаролари учун 350 еврони ташкил этади;
  • Иштирокчиларнинг турар жой харажатлари учун ҳам курс бошланишидан олдин 600 евро ажратилади.

Эслатма! Иштирокчилар дастурда ўз ҳисобларидан ёки грант орқали қатнашишлари мумкин. Қатнашчиларнинг 15% қисми учун грант ажратилади ва курс харажатлари тўлиқ қоплаб берилади. Аммо ўз ҳисобидан иштирок этадиганлар барча харажатларни ўзлари тўлашлари керак бўлади. Улар учун бир курсда қатнашиш нархи 1300 евро, икки курсда қатнашиш нархи эса 2300 евро миқдорида бўлади.

Ҳужжат топшириш

Дастурда қуйидаги ёзги курслар мавжуд:

  • Public International Law курси 2025 йил 7-25 июль кунлари ўтказилади;
  • Private International Law курси 2025 йил 28 июль-15 август кунлари ўтказилади.

Дастурда грант асосида рўйхатдан ўтиш учун қуйидагилар талаб қилинади:

  • Энг аввало, дастур шартлари билан танишиб чиқиш лозим;
  • Ариза топширишдан аввал барча ҳужжатларни тайёрлаб олиш керак;
  • Паспорт ёки ID карта нусхаси;
  • Шахсий расм;
  • Агар номзод ҳали ҳам талаба бўлса университетда таҳсил олаётганлик тўғрисидаги маълумотнома сўралади;
  • Агар номзод ишлаётган бўлса иш жойидан маълумотнома талаб қилинади;
  • Номзоднинг университетдан олган илмий даражасини исботловчи диплом ёки унинг нусхасини топшириш керак. Агар номзод ҳали университетни тамомламаган бўлса баҳолар транскрипцияси керак бўлади;
  • CV (резюме);
  • 1,5 бетдан кўп бўлмаган компьютерда ёзилган мотиватсион хат;
  • Халқаро ҳуқуқ соҳаси профессори томонидан берилган тавсиянома. Тавсиянома уни ёзган профессорнинг шахсан ўзи томонидан ушбу ҳавола орқали электрон манзилга жўнатилиши зарур.

Дастурда ўз ҳисобидан қатнашадиганлардан қуйидагилар талаб қилинади:

  • Энг аввало дастур шартлари билан танишиб чиқиш лозим;
  • Ариза топширишдан аввал барча ҳужжатларни тайёрлаб олиш керак;
  • Паспорт ёки ID карта нусхаси;
  • Шахсий расм;
  • Агар номзод ҳали ҳам талаба бўлса ўқишга қабул қилинганлик тўғрисидаги маълумотнома сўралади;
  • Агар номзод ишлаётган бўлса иш жойидан маълумотнома талаб қилинади;
  • Номзоднинг университетдан олган илмий даражасини исботловчи диплом ёки унинг нусхасини топшириш керак. Агар номзод ҳали университетни тамомламаган бўлса баҳолар транскрипцияси керак бўлади.

Эслатма! Номзод грант ёки ўз ҳисобидан қатнашишига қараб сўраладиган ҳужжатлар фарқ қилиши мумкин. Агар топширилаётган ҳужжат инглиз ёки француз тилида бўлмаса уни инглиз ёки француз тилларидан бирига таржима қилиш сўралади. Таржима расмий бўлиши лозим. Ариза натижалари 2-4 ҳафта ичида эълон қилинади.

Ариза топшириш жараёнида қуйидагиларга эътибор бериш лозим:

  • Дастурга рўйхатдан ўтиш жараёни 1 ноябрдан бошланади;
  • Охиригача якунланмаган ариза шакли қабул қилинмайди;
  • Рўйхатдан ўтиш жараёни ва дастур учун фойдаланилган барча e-mail манзиллари бир хил бўлиши керак;
  • Ариза шаклини фақатгина бир марта онлайн шаклда тўлдириш сўралади. Бир мартадан ортиқ тўлдирилган ёки офлайн шаклда жўнатилган аризалар қабул қилинмайди;
  • Расмдан ташқари, ариза учун жўнатилган барча ҳужжатлар pdf шаклида бўлиши лозим;
  • Ариза топшириш жараёнида муаммолар юзага келган тақдирда бошқа интернет браузери орқали уриниб кўриш тавсия қилинади.

Дастурга ариза топшириш ҳақидаги қўшимча маълумотлар билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.

Кимлар учун

  • Бакалавр талабаси , Олий маълумотли (бакалавр), Магистр талабаси, Олий маълумотли (магистр), PhD талабаси , Фалсафа фанлари доктори

Дастур тили

  • Инглиз тили, Француз тили

Ёш чегараси

  • Чегараланмаган

Манба: https://t.me/grantgouz/7492

#Абитуриент   #Олийгоҳлар   #Четда таҳсил олиш  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
СЎНГИ ЯНГИЛИКЛАР