Олийгоҳлар Дарсликлар Олийгоҳ танлаш боти
Ўзбек ▾
O'zbekЎзбекРусскийIngliz tili
Янгиликлар

Таълим сифатини таъминлаш бўйича мутахассислар учун касбий стандарт лойиҳаси эълон қилинди

Таълим сифатини таъминлаш бўйича мутахассислар учун касбий стандарт лойиҳаси эълон қилинди

Расм сунъий интеллект ёрдамида яратилган

Таълим ва илм-фан вазирлиги таълим сифатини таъминлаш бўйича мутахассислар учун касбий стандарт лойиҳасини эълон қилди. Ҳужжат олий таълим, ўрта махсус, касбий таълим ва кадрларни қайта тайёрлаш ташкилотларида ички сифат назорати билан шуғулланадиган ходимларга мўлжалланган.

Лойиҳада учта лавозим кўрсатилган: таълим сифатини таъминлаш бўйича етакчи ва бош мутахассис (малака даражаси 6) ҳамда бўлим бошлиғи (малака даражаси 7). Етакчи мутахассис учун камида 1 йиллик таълим соҳасидаги маълумотлар ёки ҳужжатлар билан ишлаш тажрибаси талаб этилади. Барча лавозимлар учун асосий таълим даражаси сифатида бакалавриат белгиланган.

Ходимлар нималар билан шуғулланади?

  • таълим сифати мониторинги учун маълумотларни йиғиш ва текшириш;
  • ички баҳолаш ва сифат аудитига тайёргарлик кўриш;
  • таълим олувчилар, битирувчилар, педагоглар ва иш берувчилар фикрини ўрганиш;
  • аккредитация учун ҳужжатларни тайёрлаш;
  • бўлим бошлиғи даражасида сифат сиёсати ва йиллик мониторинг режасини ишлаб чиқиш.

Стандарт ходимларни ишга олиш, малакасини баҳолаш, лавозим йўриқномалари ва ўқув дастурларини тузишда қўлланилади. Ҳужжатга кўра, ички баҳолаш ҳолати аккредитация баҳоси ҳисобланмайди.

Таълим ташкилотининг биринчи раҳбари ички баҳолашнинг самарали ташкил этилиши ва ҳисоботдаги маълумотларнинг ишончлилиги учун тўлиқ масъул бўлиши белгиланган.

Аккредитация бўйича ваколатли орган Президент Администрацияси ҳузуридаги Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ҳисобланади. Тиббиёт ва фармацевтика кадрлари бўйича эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги ваколатли орган бўлиб қолади.

Лойиҳа таълим сифати бўйича ишлайдиган кадрлар учун аниқ талабларни белгилашга қаратилган. Стандарт якуний шаклда тасдиқланса, у ОТМ ва коллежларда ходимларни танлаш ҳамда ўқитиш тизимига таъсир қилади.

Манба: Таълим ва илм-фан вазирлиги

Улашиш: Telegram Facebook
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлингБизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг Обуна бўлинг