Президент мактаблари ўқувчилари Pearson Edexcel имтиҳонларида 16 та халқаро мукофот олди

Президент мактаблари тарихида илк бор ўқувчилар нуфузли халқаро мукофотларга сазовор бўлди. Вазирлик маълумотига кўра, 15 нафар ўқувчи Pearson Edexcel International GCSE халқаро имтиҳонларида кўрсатган юқори натижалари учун жами 16 та мукофот билан тақдирланган.
Имтиҳонлар 2026-йил июн ойида ўтказилган. Улардан 10 таси жаҳон миқёсида энг юқори балл — «Highest Mark in the World» номинациясида қайд этилган: 8 таси физика, 2 таси биология фанлари бўйича. Яна 6 та натижа Ўзбекистон бўйича энг юқори балл — «Highest Mark in Uzbekistan» номинациясида эътироф этилган: 4 таси математика, 2 таси кимё бўйича.
«Outstanding Pearson Learner Awards» мукофоти ҳар йили Pearson Edexcel имтиҳонларида алоҳида фанлар бўйича энг юқори натижа кўрсатган ўқувчиларга берилади. Жорий йилда 85 та мамлакатдаги 740 та мактабнинг 2700 нафардан ортиқ ўқувчиси бу эътирофга сазовор бўлган.
Pearson — Буюк Британиянинг етакчи халқаро таълим компанияларидан бири. Унинг Edexcel дастурлари 80 дан ортиқ мамлакатда ўқитилади, International GCSE сертификатлари эса кўплаб нуфузли университетлар томонидан тан олинади.
Вазирлик бу натижаларни ёшларга сифатли таълим бериш ва иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсати самараси деб баҳолади. Президент мактаблари ўқувчиларининг халқаро майдондаги ютуқлари эса шуни кўрсатмоқдаки, тўғри шароит ва эътибор юқори натижага олиб келади.
Манба: Таълим ва илм-фан вазирлиги