Ўзбекистон терма жамоаси халқаро кимё олимпиадасида 16 та медал қўлга киритди

Расм сунъий интеллект ёрдамида яратилган
Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро кимё олимпиадаси (ARBIChO 2026) якунланди. Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари жами 16 та медал — 4 та олтин, 6 та кумуш ва 6 та бронза медал қўлга киритди. Шунингдек, жамоа амалий синов бўйича мутлақ ғолиб бўлди.
Тадбирда Таълим ва фан вазирининг ўринбосари Мехринисо Пардаева, Фанлар академиясининг биринчи вице-президенти Шомансур Сағдуллаев ҳамда Фан олимпиадалари маркази раҳбари Торабой Шерматов иштирок этди.
Олтин медал соҳиблари орасида Ўзбекистондан Зулайхо Эргашбоева, Шодиёна Абдулмахмудова, Фозилбек Рискулов ва Жасур Мустафоев бор.
Медал соҳибларига мукофот
Вазирлик маълумотига кўра, минтақавий халқаро олимпиадалар ғолиблари учун бир мартали пул мукофотлари белгиланган. Ҳисоблаш базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) асосида амалга оширилади:
- олтин медал соҳиби — 12 БҲМ (5 280 000 сўм), устози — 50 БҲМ (22 000 000 сўм);
- кумуш медал соҳиби — 8 БҲМ (3 520 000 сўм), устози — 35 БҲМ (15 400 000 сўм);
- бронза медал соҳиби — 6 БҲМ (2 640 000 сўм), устози — 30 БҲМ (13 200 000 сўм).
Олий таълимга киришдаги имтиёз
Халқаро ва минтақавий халқаро олимпиада ғолиблари олий ўқув юртларига киришда ўз фанидан максимал баллга эга бўлади. Ғолибларнинг устози эса бевосита олий тоифа олади.
Бундай натижалар ўқувчиларда кимёга қизиқишни оширишга ва фан олимпиадаларини тайёрлаш тизимини ривожлантиришга хизмат қилади.
Манба: Таълим ва илм-фан вазирлиги