Янгиликлар 05/07/2025 Узоқ кутилган қарор ваниҳоят қабул қилинди. Энди хусусий олийгоҳларга ҳам лицензия бериш бошланади

Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада нодавлат таълим хизматлари сифатини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 403-сонли қарори қабул қилинди, дея хабар бермоқда

📄 Қарор билан, нодавлат ОТМлар фаолиятини литсензиялашнинг қўшимча шартлари сифатида қуйидагилар белгиланди:

🔹  ташкил этилаётган олий таълим ташкилотининг концепцияси тақдим этилади;

МАҚСАД: таълим соҳасига кимлар кириб келяпти, уларнинг қўлида малакали кадрлари борми, узоқ муддатли истиқболда қандай режаларни ўз олдига мақсад қилган, сифатни таъминлаш учун нималар қилишмоқчи, каби саволларга жавоб олиш.

🔹 нодавлат олий таълим ташкилотининг дастлабки устав фонди (устав капитали) 2 млн АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилади (кейинчалик талабалар сонининг кўпайиб боришига мутаносиб равишда устав фонди ошириб борилади);

МАҚСАД: талабаларга етарли шароит яратиш учун дастлабки маблағлар тикилишини таъминлаш. Бунда таъсисчилар устав фондидаги маблағларни моддий-техник базасини шакллантириш, ўқув дастурлари учун зарур жиҳозлар ва дастурий таъминотларни сотиб олишга сарфлаши мумкин. Аслида унча катта бўлмаган ва барча шароитларга эга олийгоҳ очиш учун тахминан 10-15 млн АҚШ доллари кетади.

🔹 350 минг АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар тижорат банкларидаги депозитларга захирага жойлаштирилади;

МАҚСАД: мабодо қайсидир хусусий олийгоҳ турли сабабларга кўра (таъсисчилари ўзаро келишолмай қолди ёки банкрот бўлди, қоидаларни бажармагани учун лицензияси олиб қўйилди ва ҳ.к.) ёпилиб кетса, ўша ерда ўқиётган талабаларнинг контракт пулларини қайтариб бериш кафолатини таъминлаш.

🔹 ташкил этилаётган ОТМнинг бино ва иншоотлари майдони 5 минг кв/метрдан кам бўлмаслиги лозим. Бунда бино университетнинг ўз мулки бўлиши шарт эмас, камида 5 йил муддатга тузилган ижара (текин фойдаланиш) шартномаси асосида иш бошлаш ҳам мумкин;

МАҚСАД: камида институт мақомига эга бўлиш учун талабаларни ўқитадиган биноси етарли даражада майдонга эга бўлиши керак, худди ўқув марказларига ўхшаб 5-6 та хона билан олийгоҳ очишмасин, дейишмоқда.

🔹 ОТМ ташкил этилган вақтдан бошлаб дастлабки 5 йил давомида йиллик соф фойдасининг камида 80 фоизи, кейинги йилларда эса камида 50 фоизи мазкур таълим ташкилотининг асосий фаолиятини ривожлантиришга йўналтирилади.

МАҚСАД: хусусий олийгоҳларни фақат “соққа ишлаш” учун очишмасин, ўзининг топган пулини таълимга сарфлашсин, дейишмоқда. Аслида ҳам университетлар даромад оладиган масканлар эмас. Нормал ишлайдиган ва доим сифатга эътибор берадиган университетлар 30-40 йилда ҳам даромадга чиқа олмайди, фақат зарар билан чиқади. Чунки таълим соҳаси мунтазам реинвестиция талаб қилади. 1 сўм пул топса, 2 сўм қилиб қайтариб, яна университетга тикиш керак бўлади. Масалан, талабаларнинг контрактидан 1 млрд сўм пул тушди, шунинг 500 млн сўмини ечиб олиб, уй сотиб олай, дейилмайди.

Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.

❗️Қарор кучга киргунга қадар лицензия олган тадбиркорлик субъектлари 2026 йил 1 январга қадар ўз фаолиятини янги лицензия талаблари ва шартлари асосида ташкил этиши лозим.

#Янгиликлар  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг