Мақолалар 22/11/2024 Хорижий тилларни ўрганиш ақлимиз ривожланишида қандай ўрин тутади?

Бугунги кунда бир нечта тилларни ўзлаштириш нафақат амалий фойда келтиради, балки инсон ақлини ривожлантиришда ҳам муҳим роль ўйнайди.

1. Ақлий мослашувчанликни ривожлантиради

Яъни хорижий тил ўрганиш жараёнида инсон мияда бир тилни иккинчиси билан таққослаш, сўз ва жумлаларни контекстга мослаштириш каби мураккаб операцияларни бажаради. Бу эса мияни янги маълумотларга мослашувчан қилишга ёрдам беради.

2. Хотирани кучайтиради

Тил ўрганишда луғат бойлигини ўзлаштириш, грамматик қоидаларни эслаб қолиш ва талаффузга эътибор бериш керак бўлади. Бу жараён хотирани доимий ишлатишни талаб қилади. Шундай қилиб, тил ўрганувчилар ўз хотирасини мунтазам равишда кучайтириб боради. Тадқиқотлар кўрсатишича, икки ва ундан ортиқ тил биладиган одамлар узоқ муддатли хотирага эга бўлади ва бу хотиранинг сақланиб қолишига ёрдам беради.

3. Диққатни оширади

Бир нечта тил ўрганган одамлар турли тиллар орасида тезда ўзгариш қилиш қобилиятига эга бўлади. Бу эса диққатни жамлаш қобилиятини оширади. Масалан, бир тилни бошқа тил билан алмаштириш ёки ҳар бир тилга хос талаффуз, грамматикани ёдда сақлаш диққатни кучайтиради. 

4. Ижодий фикрлаш қобилиятини ривожлантиради

Ҳар бир тил ўзига хос тузилишга, сўз бойлигига ва ифода услубларига эга. Бир нечта тил билиш орқали инсон турли хил маданиятларни, қадриятларни ва фикрлаш усулларини ўрганади. Бу эса ижодий фикрлашга туртки беради ва турли хил ечимлар топиш қобилиятини ривожлантиради. Ижодий фикрлаш ўрганган тил ёрдамида янги ғояларни осонлик билан илгари суришга имкон яратади.

5. Муаммо ечиш қобилиятини яхшилайди

Янги тил ўрганишда инсон доимо муаммолар ва тўсиқларга дуч келади: қийин грамматик қоидалар, талаффуздаги фарқлар ёки янги сўзларни ёдлаш каби. Бу муаммоларни ҳал қилиш жараёнида инсоннинг мантиқий фикрлаш ва муаммо ечиш қобилияти ошади. Бу эса кундалик ҳаётда мураккаб масалаларни ечишда фойдали бўлади.

6. Интеллектуал қаришдан ҳимоя қилади

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бир нечта тилни ўрганган одамлар кексайганларида ҳам миянинг функцияларини яхшироқ сақлаб қоладилар. Тил ўрганиш доимий интеллектуал фаолликни таъминлаб, қариликда ақлий салоҳиятни камайишидан ҳимоя қилади.

Хулоса қилиб айтганда, тил ўрганиш инсон ақлий салоҳиятини ривожлантиришда муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Когнитив мослашувчанлик, хотира, диққат, ижодий фикрлаш, ва муаммо ечиш қобилиятини ривожлантириш орқали инсоннинг умумий интеллектуал даражасини оширади. Шу сабабли, хорижий тилларни ўрганиш нафақат тил бойлигини оширади, балки ақл ривожини мустаҳкамлайди ҳам.

#Таълим телеканали   #Мақола  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг