Янгиликлар 27/02/2025 Боғча тарбиячилари ҳам вазир жамғармасидан устама олиши мумкин

    Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига педагогларни аттестациядан ўтказиш, касбий сертификатлаш ва рағбатлантириш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қарори қабул қилинди. Бу ҳақда мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова маълум қилди.

Синовларда барча фан ўқитувчилари иштирок этиши мумкин

    Қарорга кўра, эндиликда вазир жамғармасидан ҳар ойлик устама олиш учун номзодлар рўйхати аввалгидек ҳудудий кенгашлар тавсияси асосида шакллантирилмайди. Синовларда барча фан ўқитувчилари иштирок этиши мумкин.

    Аввал МТТ тарбиячилари устама олишга даъвогарлик қила олмасди, энди улар ҳам синовларда иштирок этиб устама олиши мумкин.

Қўшимча ҳақ тўлаш тартиби

    Шунингдек, педагог кадрларга тариф ставкаларининг амалдаги миқдорларига нисбатан 70 фоиз миқдорида қўшимча ҳақ тўланишининг тартиби тасдиқланди. Унга кўра, малака тоифа тест синовларида иштирок этиб (иккала босқичда), олий ва биринчи малака тоифасига эришган (ёки сақлаган) ҳамда 86 ва ундан юқори балл тўплаган педагогларга берилади.

    Бундан ташқари, энди Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан бериладиган умумтаълим фанини билиш даражаси тўғрисида сертификатга эга бўлган педагогларга навбатдаги мажбурий аттестациянинг биринчи босқичи (мутахассислик фани ва касб стандарти) бўйича малака синовидан озод қилинади.

#Янгиликлар  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг