28 февраль куни Нукус шаҳрида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ) билан ҳамкорликда “Дуал таълимни ташкил этишнинг афзалликлари” мавзусидаги республика форуми бўлиб ўтди.
Форумда Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган касбий таълим ташкилотлари, вазирлик ва корхоналар мутасаддилари иштирок этди. Иштирокчилар касбий таълим ташкилотларида дуал таълимни йўлга қўйиш борасида амалга оширилаётган ишлар ва натижалар билан танишди.
Тадбирда мамлакатимизда ёшларнинг касблар ва мутахассисликларни эгаллашга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш, касбий таълим тизимида дуал таълимни ташкил этиш ва бу борада амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Форумда республикамизда дуал таълимни ривожлантириш истиқболлари, Германия тажрибаси ҳамда ўқувчи, корхона, таълим муассасаси ва давлат ҳамкорлиги ҳақида маълумот берилди. Қорақалпоғистон Республикасида 31 та касбий таълим муассасасида 745 та корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликда дуал таълим йўлга қўйилган бўлиб, 1716 нафар ўқувчи касб ва мутахассислик сирларини ўрганмоқда.
Келгусида Амударё, Қораўзак, Қўнғирот туманлари ва Нукус шаҳридаги техникумларда 10 дан ортиқ касб ва мутахассислик бўйича дуал таълим йўлга қўйилиб, қамров даражасини 3000 ўқувчига, касблар сонини 20 га, ҳамкор ташкилотлар сонини 1000 га етказиш режалаштирилган.
Форум доирасида касбий таълим ташкилотлари билан вазирлик ва корхоналар ўртасида ҳамкорлик бўйича тегишли шартномалар имзоланди.
Форум дуал таълимни амалиётга кенг жорий этишнинг аҳамияти, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари, келгусидаги режалар муҳокамаси ва савол-жавоблар билан давом этди.
#Таълим телеканали #Янгиликлар