Мақолалар 24/05/2025 Сессия азоби: Талабани қийнайдиган устозлар ёхуд талабалар ҳуқуқлари қандай ҳимояланади?

Ўзбекистон талабаларининг тахминан тўртдан бир қисми сессия пайтида турли баҳоналар билан баҳо қўйишни кечиктирадиган ўқитувчилар муаммосига дуч келишади. Бу ҳолат талабаларнинг маънавий ва моддий зарар кўришига олиб келади. Ушбу мақолада бу муаммонинг илдизлари, оқибатлари ва ечимларига тўхталиб ўтамиз.

Сессия…

Сессия – талабалар учун энг масъулиятли ва стрессли давр. Бу пайтда баҳоларни ўз вақтида олиш муҳим, чунки бу талабанинг келажаги ва ўқишга бўлган мотиватсиясига таъсир қилади. Афсуски, айрим ўқитувчилар турли сабабларга кўра, баҳо қўйишни кечиктирадилар, баъзан эса талабалардан “миннатдорчилик” кутишади. Бу каби ҳаракатлар коррупциянинг бир кўриниши бўлиб, талабалар учун адолатсизлик ҳиссини уйғотади.Айниқса ёзнинг иссиқ кунларида имтиҳон топширишда талабалар “олтин давр”нинг энг қийин паллаларини бошдан ўтказишади. Тўғри, сессия барча толиби-илмлар учун қийинчилик туғдирмайди. Аммо талабалар фикри билан қизиққанимизда, ҳар тўрт нафар талабадан бири бу йилги сессияда “Ўқитувчи баҳо қўйиб бермай, бир ҳафта югуртирди”, “Баҳомни қўйиб бергани йўқ”, “Дарсда тортишганим учун баҳо олишим қийин бўлди”, “Гуруҳимиз билан йиқитди” қабилидаги жавоблар олдик.

Муаммонинг илдизи нимада?

Бу муаммонинг бир неча сабаблари бор:

Тан олиш керак, сўнгги йилларда ОТМларда сессия пайтидаги коррупсион ҳолатларга деярли чек қўйилган, Бундан 6-7 йил илгари студентлар дуч келадиган коррупция ҳақида онда-сонда эшитмасак, бундай нохуш ҳолатлар жуда кам учрайди. Аммо ўқитувчиларнинг масъулиятсизлиги билан боғлиқ адолатсизликка кўз юмиб бўлмайди. Айрим ўқитувчилар ўз вазифаларига совуққонлик билан ёндашадилар, баҳолаш жараёнини кечиктирадилар ва талабаларнинг вақтини қадрламайдилар.

Бу эса тизимда назоратнинг сустлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Олий таълим муассасаларида ўқитувчилар фаолиятини назорат қилиш тизими етарли эмаслиги ҳам бу муаммонинг кучайишига сабаб бўлади. HEMIS тизимидаги камчиликлар: HEMIS тизимининг айрим камчиликлар муаммонинг бир қисми десак хато бўлмайди, бу баҳоларни ўз вақтида киритиш ва мониторинг қилишни қийинлаштиради. Баъзи ўқитувчилар бу тизимдаги техник носозликлардан фойдаланиб, баҳоларни кечиктиришга уринадилар. Бу ҳақда исми ошкор этилишини истамаган талаба шундай дейди: -” HEMIS тизимининг айрим камчиликлар учрамоқдаки, ўқитувчи хоҳлаганидай баҳоларни ўзгартира олади. Бу эса шаффофликка ўз таъсирини кўрсатади. Профессор-ўқитувчиларни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги назоратини қиладиган алоҳида тизим яратилса яхши бўларди. Сессияда қийналмасдик ” Талаба ҳам “оппоқ” эмас. Албатта, муаммонинг бир томони ўқитувчиларда бўлса, иккинчи томони талабалардадир. Биз бу масалада фақат талаба фикри билан хулоса қилмоқчи эмасмиз! Профессор-ўқитувчиларнинг мулоҳазаларини ҳам инобатга олдик. Таҳлилларга кўра, талабаларнинг кўпчилиги дарсларга тўлиқ қатнашмайди, айримлари эса ўзлаштиришда етарли билимга эга эмас. Бу ҳолат эса ўқитувчиларда талабаларга нисбатан салбий фикр уйғотади. Яна бир жиҳат, баҳоларнинг кечиктирилиши талабаларга жиддий маънавий ва моддий зарар етказади: · Стресс ва депрессия: Ноаниқлик талабаларда стресс ва депрессияни келтириб чиқаради. · Иштиёқнинг йўқолиши: Адолатсизлик ҳисси талабаларнинг ўқишга бўлган қизиқишини сўндиради. · Моддий зарар: Талабалар баҳо олиш учун ўқитувчиларга “миннатдорчилик” кўрсатишга мажбур бўлишади.

Ўқитувчи баҳоларнинг ўз вақтида қўймаса, қандай жавобгарлик бор? Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 313-моддаси учинчи қисмида интизомий жазо чорасини қўллашда содир этилган қилмишнинг оғир-енгиллиги, унинг содир этилиши ҳолатлари, ходимнинг аввалги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олиниши белгиланган. Шунга кўра, ўқитувчи баҳоларнинг ўз вақтида қўйилмаслиги, бу меҳнат интизомини бузиш ҳисобланиши мумкин. Интизомий таъсир чораси ходим ҳақиқатда ўз меҳнат мажбуриятларини бажармаганда қўлланилади. Меҳнат кодексининг 312-моддасига мувофиқ меҳнат интизомини бузганлиги учун иш берувчи ходимга қуйидаги интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли: · Ҳайфсан; · Ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима. · Меҳнат шартномасини бекор қилиш. Педагогдан биринчи галда тушунтириш хати олиниши керак. Агар ўқитувчи тушунтириш хати ёзишдан бош тортса, ҳолат бўйича далолатнома расмийлаштирилиши керак бўлади. Муаммонинг ечими бўйича таклифлар Ушбу муаммони ҳал қилиш учун қуйидаги чораларни кўриш зарур: · Шаффоф баҳолаш тизими: Баҳолаш мезонлари аниқ ва шаффоф бўлиши керак. · Назоратни кучайтириш: Олий таълим муассасаларида ўқитувчилар фаолиятини назорат қилиш тизимини кучайтириш лозим. · Талабаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: Вазирлик Талабаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ва шикоятларини кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратиши лозим · Ўқитувчиларнинг масъулиятини ошириш ва уларга нисбатан интизомий чоралар қўллаш механизмини яратиш зарур. · Талабалар билимини ошириш: Талабаларнинг билим даражасини ошириш, дарсларга қатнашишини таъминлаш. · Ҳемисни янада мукаммаллаштириш лозим Хулоса Сессия пайтида талабаларга нисбатан адолатсизликнинг олдини олиш учун барча манфаатдор томонлар биргаликда ҳаракат қилишлари зарур. Шаффофлик, назорат, масъулият ва қонунчилик асосида иш олиб бориш орқали адолатли ва соғлом таълим муҳитини яратиш мумкин.

#Мақола  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг