Янгиликлар 02/08/2025 Айрим консалтинг фирмалар сохта ҳужжатлар билан ўқишга 3-4-курсдан киритишни ваъда қилмоқда. Вазирлик текширув бошлади

Ижтимоий тармоқларда айрим консалтинг фирмаларнинг 3-4 курсдан ўқишга киритишга ваъда бераётгани ҳақида очиқ эълонлари пайдо бўлди. Ушбу хабарларга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги муносабат билдирди.

Вазирлик матбуот хизматининг ёзишича, HEMIS тизими орқали ҳар бир талабанинг қабул қилиниши, ўқиётган йўналиши ва курси аниқ қайд этилади. Хориждан ўқишини кўчиришда эса фақат расмий ҳужжатлар асосида, ўқув режалари солиштирилиб, ректор буйруғи билан қабул амалга оширилади. Бу жараён электрон тизимда тўлиқ ва шаффоф юритилади, асоссиз маълумотлар киритилмайди.

Муносабатда айтилишича, ҳолат юзасидан текширув олиб борилади.

“Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мазкур масала юзасидан текширув олиб бормоқда. Агар қонунбузарлик ҳолатлари аниқланса, белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо берилиб, жамоатчиликка расмий ахборот тақдим этилади”, дейилади вазирлик баёнотида.

#Янгиликлар  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг