Ҳар бир мамлакат ўз мезонлари асосида таълим тизимини белгилайди. Шунинг учун турли давлатларда таълим олиш имкониятлари турлича бўлади. Тизимга асос солинаётганда мамлакатнинг тарихий анъаналари, бугунги кун талаблари инобатга олинади. Бугунги мақоламизда баъзи мамлакатларнинг мактабдаги таълим тизими ҳақида сўз боради.

Австралия
Билимни синаш: тестлар, иншолар ва докладлар; баҳолар йилига икки марта почта орқали юборилади; учинчи синфдан бошлаб ҳар икки йилда имтиҳон топширилади.
Ўқиш мавсуми
Янги ўқув йили янги йил байрамидан бироз кейин бошланади, яъни январнинг охири ва февралнинг бошида бошланиб, декабрнинг бошларида тугайди. Таътиллар ҳар чорак орасида ўн кундан иборат бўлади. Дарслар 08:30 да бошланади, катта танаффуслар билан соат 15:00 гача давом этади.

Мактаб формаси
13 ёшгача ўғил болалар шортикларда юрадилар, кейин эса шимга ўтадилар. Тепа қисмига пиджак ёки жемпер бўлиши мумкин, бироқ барча мактабларда ўқувчилар шляпа кийишлари шарт. Қизларнинг мактаб кийимида гетралар ажралиб туради. Юқори синф ўқувчиларининг формалари ҳамма мактабларда ҳар хил, уларга бошланғич синф ўқувчиларининг ҳудудига кириши тақиқланади.
Иккита мажбурий фан
Еттинчи синфгача ўқувчиларни барча фанлардан бир ёки иккита муаллим таълим беради. Таълим олиш формал эмас, ўқувчилар синфда ўзларини эркин тутадилар. Улар синфда юрадилар, бемалол гаплашиб ҳам ўтирадилар, ҳатто полда ҳам ўтиришлари ҳам мумкин. 8- синфдан 10-синфгача ўқитувчиларнинг сони ошади. Болалар математика ва инглиз тилини мажбурий ўрганадилар, қолган фанларни ўзлари танлайдилар. Юқори, яъни 11-12 синфларда таълим олишнинг мураккаблигига қараб ҳам бўлинадилар. Австралия мактабларида баҳонинг аниқ бир тизими мавжуд эмас. Бошланғич синфларда баҳолар умуман қўйилмайди. 3-6-синфларда ўқувчилар ҳафталик тест синовларини, назорат ишларини ва диктантларни топширадилар. Бироқ баҳолар бир йилда икки марта қўйилади ва ота-оналарга почта орқали юборилади.

Тайван
Тозалик учун зачёт
Тайванлик ўқувчининг ҳар тонги 07:30 да эрталабки бадантарбия ва мактабни тозалаш билан бошланади. Мактабда тозалик қаттиқ назорат қилинади. Олий таълим муассасаларида ҳам талабалар йил давомида университет ҳудудини тозалайдилар ва бунинг учун уларга зачёт ҳам қўйилади. Агарда улар кўнгилдагидек тозаламасалар, мажбурият чўздирилади. Дарслар 08:30 да бошланади ва 10 дақиқалик танаффус билан 16:30 гача давом этади. Фақат ланч учун ярим соатлик танаффус белгиланган. Ҳозирги кунга келиб эса мамлакатнинг баъзи мактабларида ўқув кунини бир соат кейинга суриш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Таълим реформаси
2018 йилда юқори синфларда таълим реформасини якунлаш режалаштирилмоқда. Унга мувофиқ болалар фанларнинг асосий қисмини ўзлари танлайдилар ҳамда иқтидорларига қараб уларни ўрганадилар, яъни ҳар бир ўқувчининг ўзининг шахсий дарс жадвали бўлади. Охирги реформага мувофиқ ўқитувчилар таътилга уй вазифасини бермайдилар. Ҳукумат болалар кўпроқ дам олишлари керак, деган қарорга келди. Мактабдаги интизомга эса қаттиқ қаралади. Ҳар бир ўқув масканининг ўз шахсий формаси бор. Бу формани кийишни хоҳламаганлар учун эса жазо қўлланилади, масалан қайсидир хонани қўшимча тозалаш. PISA рейтинги бўйича, Тайбей вилоятининг мактаблари энг яхши таълим муассасаларининг ўнталигидан бир неча марта жой олган.

Финландия таълим муассасалари
Билимни синаш: имтиҳонлар бекор қилинган, билим баҳоси 4-синфдан бошлаб қўйилади.
Имтиҳонлар йўқ
Финляндиянинг ўқув йили бизникига ўхшайди. Август ойида бошланиб, май ойида тугайди. Кузги мавсумда 3-4 кунлик таътил бўлади ва янги йил арафасида бошланадиган икки ҳафталик таътил ҳам бор. Ундан ташқари баҳорда ҳам ўқувчилар дам олишга чиқадилар. Дарслар ҳафтанинг бегим кунлари эрталабки соат 8 ёки 9 да бошланади ва тушликкача давом этади. Дарслар 45 дақиқа давом этади ва уларнинг орасида 15 дақиқалик танаффус бўлади. Фарқли томонлари ҳам бор. Имтиҳонларнинг ўрнига бу ерда фанлар бўйича ўрта баҳо тизими мавжуд бўлиб, уларнинг асосида коллеж ва лицейларга қабул амалга оширилади ( бу таълимнинг иккинчи поғонаси бўлиб, ундан кейин ишлаш ёки Олий таълим муассасасига кириш мумкин).
Реформа
2020 йилга келиб, дарслар бошқача кўринишга эга бўлади. Финляндияда мактаб реформаси бўлади, унга асосан ўқувчилар ҳар хил алоҳида фанларни ўзлаштирмасдан, бир мавзуга оид бўлган қатор фанларни ўрганадилар. Масалан, иқлим ўзгариши ҳақидаги соҳа танланса, унда экология, табиатшунослик, иқтисодиёт ва сиёсат ўрганилади. Бундай машғулотлар уч соатга яқин бўлади. Фин мактаблари ҳам бир неча маротаба энг яхши таълим муассасаси рейтингидан жой олган.
Тўпловчи Маъмура Тўраева
#Мақола