Президент ҳузуридаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва Британия Кенгаши (British Council) ўртасида муҳим келишув имзоланди. Самарқандда ўтказилаётган Global Talent Forum халқаро анжумани доирасида имзоланган ҳужжат “Going Global Partnerships — Scholarships for Women in STEM” дастурини Ўзбекистонда амалга оширишга қаратилган.
Ҳужжатга кўра, 2027−2028 ўқув йилида беш нафар ўзбекистонлик қиз Буюк Британияда фан, технология, муҳандислик ва математика (STEM) йўналишларида таҳсил олиш имкониятига эга бўлади. Таълим харажатлари қўшма молиялаштириш тамойили асосида амалга оширилади: 40 фоизини “Эл-юрт умиди” жамғармаси, қолган 60 фоизини эса Британия Кенгаши ўз зиммасига олади.
Ташаббус хотин-қизларнинг халқаро таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга ҳамда илм-фан ва юқори технологиялар соҳасида малакали мутахассислар тайёрлашга қаратилган. STEM йўналишларида қизлар улушини ошириш долзарб масала бўлиб, бундай имкониятлар қиз болалар учун муҳандислик ва технология соҳасида карьера қуриш йўлини очади.
Ҳозircha дастурга қабул тартиби, номзодларга қўйиладиган талаблар ҳамда ариза топшириш муддатлари ҳақида батафсил маълумот эълон қилинмаган. Бу ҳақда кейинроқ қўшимча маълумот берилиши кутилмоқда. Шу сабабли, STEM йўналишида ўқишни орзу қилаётган қизлар расмий эълонларни кузатиб боришлари тавсия этилади.
Эслатиб ўтамиз, “Эл-юрт умиди” жамғармаси аввалроқ ёшларни Жанубий Кореянинг етакчи олий таълим муассасаларида 6 ой давомида янги касбга ўқитиш режалаштирилаётгани ҳақида ҳам хабар берган эди.
Манба: Gazeta.uz
#Янгиликлар #Грандлар #Четда таҳсил олиш