Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги 425-сон қарори билан тасдиқланган "Халқ таълими вазирининг жамғармаси тўғрисида"ги Низомга кўра вазир устамасига фақат вазирлик тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритаётган малакали педагог кадрлар даъвогарлик қилиши мумкин эди.
Ушбу қарор имзоланган вақтда Мактабгача таълим агентлиги алоҳида ташкилот ҳисобланиб, вазирлик тузилмасига кирмасди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 2 июлдаги ПФ-98-сонли фармони билан Мактабгача таълим агентлиги фаолияти тугатилиб, агентликнинг ташкилий тузилмасидаги ташкилотлар Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тасарруфига ўтказилганди.
Эндиликда, "Мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент Фармони билан мактабгача таълим ташкилотлари педагог ходимлари ҳам вазир устамасини олиши мумкин бўлади.
Маълумот учун: Катта эҳтимол билан мактабгача таълим ташкилотлари педагог ходимларининг вазир устамасига даъвогарлик қилиши умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритаётган ўқитувчилар имкониятини чекламайди. Яъни, вазир устамасини белгилашда мактабгача таълим ташкилотлари педагог ходимлари учун алоҳида квота ажратилиши мумкин.
Натижада эса бу умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритаётган ўқитувчилар квотасига таъсир кўрсатмайди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил учун вазир жамғармаси ҳисобидан ҳар ойлик устама оладиган педагоглар квотаси сони 1250 нафар этиб белгиланган. Шундан 1150 та квота умумтаълим муассасалари педагоглари учун, 100 та квота Ихтисослашган талим муассасалари педагоглари учун ажратилган.
#Янгиликлар #Устама