Иқтисодиёт университети Лондон шаҳрида “Ўзбекистоннинг тарихи ва маданияти бўйлаб саёҳат тақдимот-концерти” номли тадбир ташкил этди.
Жорий йилнинг 15 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 29 мартдаги 20/1-867-сонли топшириғи, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2025 йилда ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг Самарқанд шаҳрида ўтказилишига тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2024 йил 15 мартидаги ПҚ-128-сон Қарори ижросини таъминлаш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини ҳамда юртимиз туризм салоҳияти ва жозибадорлигини кенг тарғиб қилиш мақсадида Тошкент давлат иқтисодиёт университети томонидан Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси билан бевосита ҳамкорликда “Ўзбекистоннинг тарихи ва маданияти бўйлаб саёҳат тақдимот-концерти” номли тарғибот тадбири ташкил этилди.

Тадбирда жами 100га яқин дипломатик корпус, сиёсий, бизнес, илмий-маърифий доира вакиллари ҳамда олийгоҳларда таҳсил олаётган, шу жумладан, ўзбекистонлик талабалар иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Равшан Усмонов очиб берди. Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг биринчи проректори Комила Каримова ташриф буюрган меҳмонларга ўзининг самимий миннатдорчилигини билдирган ҳолда бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ривожланиш кўрсаткичлари ҳамда ватанимизнинг бетакрор тарихий мероси, туризм салоҳияти бўйича иштирокчиларга тақдимот қилди.

Шундан сўнг, Ўзбекистондаги ЮНЕСКО Бутунжаҳон маданий мероси рўйхати (Uzbekistan UNESCO World Heritage Sites)га доир видео-ролик намойиш этилди. Унда ЮНЕСКОнинг 2025 йилда Париждан ташқаридаги илк саммити Самарқандда ўтказилишининг тарихий аҳамияти ва Ўзбекистоннинг бой маданий ва туризм салоҳиятини намойишига алоҳида эътибор қаратилгани таъкидлаш жоиз. Тадбир давомида Тошкент давлат иқтисодиёт университети томонидан тузилган бадиий жамоа Ўзбекистоннинг бой маданий ва туризм салоҳиятини намойишига қаратилган кўргазмалари, бадиий чиқишлари иштирокчиларга унутилмас таассуротлар бахшида этди.

Хусусан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Дўстлик” ордени соҳиби, шоир Бобур Бобомурод Ўзбекистонда маданий ҳаёт ва адабиётнинг ўрни, мамлакатимизда ижод эркинлиги тўғрисида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашган бўлса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъаткор Илёс Арабов ижросидаги Ўзбекистондаги ЮНЕСКО Бутунжаҳон номоддий маъданий мероси рўйхатига киритилган – шашмақом, лазги, миллий мақом куй ва қўшиқлари тадбир иштирокчиларига янада юқори кайфият улашди. ТДИУ бадиий жамоаси томонидан ижро қилинган “Андижон полькаси”, “Хоразм лазгиси” каби қатор миллий рақсларга ташриф буюрувчиларнинг жўр бўлганлигини тадбирга алоҳида ўзгача руҳ ва кайфият бағишлади.

Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, профессор Ортиқали Қозоқов томонидан миллий рассомчилик кўргазмаси ва мастер-класс ўтказилди. Ушбу жараён меҳмонлар учун ҳақиқий илҳом манбаи бўлди. Ортиқали Қозоқовнинг ноёб асарлари нафақат халқимиз миллий анъаналари ва маданиятини чуқур акс эттиради, балки ҳар бир асарда санъатнинг юксак маҳорат билан яратилиши ҳис қилинади. Устоз рассом ўз тажрибаси билан бўлишиб, ёш рассомларга ва санъат мухлисларига амалий машғулотлар орқали ғояларини етказди.

Мастер-класс давомида миллий нақшлар ва ранглар ўйини орқали асарларнинг моҳиятини тушуниш ҳамда санъат орқали ўз фикрларини ифодалашнинг ноёб усуллари ҳақида ўрганиш имконияти яратилди. Бундан ташқари, тарғибот тадбири давомида университет бадиий жамоаси аъзоси Лайло Яхшибоева томонидан Ўзбекистонда мавжуд миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, миллий либослар кўргазмаси ташкил этилди. Хусусан, ЮНЕСКО Бутунжаҳон номоддий меросига киритилган ўзбек атласи ва адрасидан тайёрланган миллий либослар кўргазмаси қатнашчиларга ҳайрат туйғусини уйғотди.

Тадбир давомида ташриф буюрган меҳмонларга ош дастурхони тайёрланиб, палов тортилди.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ва Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Ўзбекистоннинг тарихи ва маданияти бўйлаб саёҳат” номли тақдимот-концерти иштирокчиларга унутилмас таассурот ва ҳайрат улашди. Тадбир давомида меҳмонлар мамлакатимизнинг бой тарихи, миллий қадриятлари ва маданий мероси билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди. Концерт шаклида ўтказилган мазкур тадбир нафақат Ўзбекистоннинг маданий салмоғини намоён қилди, балки юртимизнинг туризм салоҳиятини оширишга хизмат қилди. Миллий қўшиқлар, рақслар ва миллий мусиқа меҳмонларни ҳайратга солиб, уларни Ўзбекистоннинг гўзаллиги ва қадимий анъаналари билан яқиндан таништирди.

Шунингдек, тадбирда юртимизнинг меъморий ёдгорликлари, ҳунармандчилик ва гастрономиясига оид визуал материаллар намойиш этилди, бу эса миллий қадриятларимизнинг ёрқин ифодасига айланди. Бу каби халқаро кўламдаги тадбирлар Ўзбекистоннинг сайёҳлик жозибадорлигини оширишга қўшимча туртки бўлиб, мамлакатимизнинг дунёдаги ижобий имижини янада мустаҳкамлайди. Тадбирда иштирок этган ҳар бир киши юртимиз маданияти ва анъаналарига қизиқиш билан қараб, уни янада чуқур ўрганишга интилиши шубҳасиз.
#Янгиликлар