25 февраль куни Рақамли технологиялар вазирлигида “Мамлакатимиз олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда стартап экотизимини ривожлантириш” форуми ташкил этилди.
Тадбир университетлар, стартап экотизими иштирокчилари, инвесторлар ва корпоратив сектор вакилларини бир жойга жамлади. Форум университетларни инновация ва тадбиркорлик марказларига айлантириш, талабаларни стартап фаолиятига жалб қилиш, инкубация ва акселерация дастурларини ривожлантириш ҳамда стартап экотизими иштирокчилари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Бугунги кунда стартап экотизими нафақат бизнесни ривожлантириш, балки инновацион ғояларни амалиётга жорий қилиш, рақамли иқтисодиётни кенгайтириш ва ёшларни тадбиркорлик фаолиятига тайёрлаш учун муҳим восита ҳисобланади. Шу боис, университетларнинг бу жараёнда фаол иштироки катта аҳамият касб этади.
Форум стартаплар аллеясининг ташкил этилиши билан бошланди. Бу майдонда талабаларнинг турли инновацион ғоялари ва лойиҳалари намойиш этилди. Талабалар ўз стартаплари, технологик ечимлари ва бизнес ғоялари билан иштирок этиб, инвесторлар ва экспертларнинг тавсияларини олиш имкониятига эга бўлдилар. Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов стартапчилар учун ташкил этилган аллеяда ёш стартапчилар билан суҳбатлашди ҳамда стартап экотизимини янада ривожлантириш бўйича тавсиялар берди.
Шундан сўнг форумнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вазир Ш. Шерматов сўзга чиқиб, университетлар ва стартап экотизими ўртасидаги ҳамкорликнинг аҳамиятига тўхталди. Талабаларни тадбиркорликка тайёрлаш, инкубация ва акселерация дастурларини ривожлантириш, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини кучайтириш бўйича таклифлар билдирди.
Форум давомида соҳанинг етакчи мутахассислари томонидан стартапларни молиялаштириш, университетларнинг экотизимга қўшаётган ҳиссаси, ҳудудларда стартап-парклари ташкил этиш, халқаро инкубация дастурлари ва бизнес-стартаплар ҳамкорлиги каби мавзуларда тақдимотлар ва муҳокамалар бўлиб ўтди.
Университетлар стартап экотизимига ўз ҳиссасини қўшиш ва талабаларнинг бизнес ғояларини ривожлантириш бўйича тавсиялар олдилар, корпорациялар эса стартаплар билан ҳамкорлик қилиш бўйича янги йўналишларни ўрганишди.
Мазкур форум стартап экотизимини ривожлантириш, университетлар ва бизнес ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда инновацион ғояларни амалиётга татбиқ этиш учун муҳим платформа бўлди. Бу нафақат университетлар, балки бутун мамлакатнинг инновацион тараққиётига ҳисса қўшадиган муҳим ташаббуслардан бири сифатида эътироф этилди.
#Таълим телеканали #Янгиликлар