Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 2 февралдаги ПҚ-53-сонли қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этилди.
Унга кўра, касб-ҳунар таълими йўналишига мос касб бўйича таълим олган 11-синф битирувчиларига мактаб директори буйруғи асосида якуний имтиҳон топширишга рухсат берилади.
Якуний имтиҳонни ўтказиш санаси ва вақти якуний аттестация комиссияси раиси томонидан тасдиқланади ҳамда имтиҳон бошланишидан камида ўн беш кун олдин ҳудудий касбий маҳорат маркази расман хабардор қилинади ва умумий ўрта таълим мактабининг кириш қисмига эълон сифатида осиб қўйилади.
Якуний имтиҳонни баҳолаш мезонлари ва имтиҳон саволлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, умумий ўрта таълим мактабларига юборилади.
Якуний имтиҳон натижалари имтиҳон якунланган куннинг ўзида эълон қилинади. Узрли сабабларга кўра имтиҳондан ўта олмаган ўқувчилар Комиссия қарори асосида жорий йилнинг 1 июлига қадар қайта имтиҳон топширишлари мумкин. Қайта топширишдан ҳам ўта олмаган битирувчиларга сертификат берилмайди.
Битирувчиларга сертификатлар мактаб педагогик кенгаши қарори асосида электрон платформа орқали тақдим этилади.
Сертификатлар битирувчиларга ҳар йили 25 июнга қадар берилади. Якуний имтиҳонни қайта топширган ёки муайян сабабларга кўра кечикиб топширган битирувчиларга 1 июлга қадар сертификат берилиши мумкин. Битирувчилар ушбу сертификатни электрон платформадан бепул юклаб олишлари мумкин. Платформадан юклаб олинган сертификат йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда, уни платформа орқали қайта юклаб олиш имконияти мавжуд.
#Янгиликлар