Фото: stux / Pixabay
Ҳинд океанидаги орол давлат Маврикийда ўқувчилар кутилмаганда дарсдан озод бўлди. Мамлакат Таълим вазирлиги 13 октябрь куни айрим ҳудудлардаги мактаблар вақтинча ёпилганини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.
Қарорга тунги тартибсизликлар сабаб бўлган. Улар полиция ходими 27 ёшли Элоди Томасга ўқ узгани ортидан бошланган. Маҳаллий ОАВ маълумотига кўра, Элоди 9 октябрь кечаси пойтахтдан жанубдаги турар жой даҳасида фургонда уйига қайтаётганида яраланган. Соғлиқни сақлаш вазири Анил Бачунинг айтишича, унинг танасидан ўқни олиб ташлаш бўйича жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтган.
Полиция сержантига нисбатан дастлабки айблов эълон қилинган, аммо ҳодисанинг сабаблари ошкор этилмаган. Полиция изоҳ бермаган, бироқ суриштирув бошлангани билдирилган.
12 октябрь кечаси айрим ҳудудларда намойишчилар автомобиль шиналарини ёқиб, йўлларни тўсиб қўйган, шу боис у ерларга полиция кучлари сафарбар этилган. Бош вазир идораси вазият барқарорлашганини ва давлат хизматлари одатдагидек ишлаётганини маълум қилди.
Шунга қарамай, Таълим вазирлиги мактаблар қачон қайта очилишини айтмади ва бу борада кейинроқ қўшимча маълумот берилишини билдирди. Таъкидлаш жоизки, Маврикийда бундай оммавий тартибсизликлар камдан кам учрайди.
Аввалроқ Малайзияда ҳам мактаблар ёпилгани хабар қилинганди. У ерда сабаб — ҳавонинг ифлосланиши: қўшни Индонезиядаги ўрмон ёнғинлари туфайли Малайзиянинг 37 та ҳудудида ҳаво сифати зарарли деб баҳоланган.
Бундай ҳолатлар хавфсизлик ёки соғлиққа таҳдид пайдо бўлганда таълим муассасалари биринчилардан бўлиб чоралар кўришини, ўқувчилар ҳаёти эса устувор эканини яна бир бор кўрсатади.
Манба: Daryo.uz
#Янгиликлар #Мактаб