Сертификат натижалари қандай ҳисобланади?
Сертификат тест синови натижаси бўйича энг юқори баллнинг камида 60 фоизини тўплаган шахсларга 3 йил муддатга берилади.
Тест синови натижалари улар якунланган кундан бошлаб йигирма иш кунидан кечикмай Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Сертификатга эга бўлган абитуриентга сертификатдаги ўзлаштириш (60 ва ундан юқори) фоизига мос равишда олий таълим муассасаси бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларида ушбу фандан белгиланган максимал баллга нисбатан табақалаштирилган (пропорционал) балл берилади.
Яъни сертификат қайси фандан олинган бўлса, шу фаннинг фанлар мажмуасидаги ўрнига қараб мос равишда максимал баллнинг маълум фоизи берилади.
Масалан, математика фанидан сертификатга эга бўлган абитуриентнинг сертификатдаги ўзлаштириши 60 фоиз, математика фанининг фанлар мажмуасидаги ўрни биринчи (ҳар бир тўғри жавоб учун 3,2 балл, 30 та тест топшириғига максимал 96 балл) бўлса, унинг 60 фоизи 57,6 баллни ташкил этади (3,2*30=96 балл, 96*60/100=57,6). Агар абитуриентнинг сертификатдаги ўзлаштириши 80 фоиз бўлса, 76,8 баллни ташкил этади (3,2*30=96 балл, 96*80/100=76,8).
Сертификат тест синовидан ижобий (60 ва ундан юқори фоиз) натижага эришган талабгорга тест синови натижалари эълон қилинган кундан бошлаб бир ҳафта мобайнида электрон шаклда берилади. Талабгор сертификатни шахсий кабинети орқали юклаб олиши мумкин.
Сертификат олиш мақсадида тест синовида қатнашиш учун қандай рўйхатдан ўтишимиз мумкин?
Талабгор сертификат олиш мақсадида тест синовида қатнашиш учун “Абитуриентлар маълумотлари ва аризаларини рўйхатга олиш тизими" (мй.дтм.уз сайти) орқали электрон ариза бериб рўйхатдан ўтишлари мумкин.
Рўйхатдан ўтганлигимни қандай билишим мумкин?
Рўйхатдан ўтиш учун зарур бўлган ҳужжатлар киритилганидан сўнг талабгор учун Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида шахсий кабинет яратилади.
Талабгор тўловни амалга оширганидан сўнг рўйхатдан ўтган ва Давлат тест маркази билан оммавий оферта шартномаси тузилган ҳисобланади.
Рўйхатдан ўтиш учун тўлов қандай амалга оширилади?
Тўлов талабгор томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида амалдаги электрон тўлов тизимлари орқали ариза берилган кундан бошлаб уч кун мобайнида амалга оширилади. Тўлов тўғрисидаги маълумотни талабгор ўзининг шахсий кабинети орқали билиши мумкин.
Тест синовини ўтказиш жойи ва санасини қандай билишимиз мумкин?
Талабгор тест синови ўтказиладиган сана ва жой тўғрисидаги маълумотни ўзининг шахсий кабинети орқали олиши мумкин.
Тест синови натижаларини қандай билишимиз мумкин?
Тест синовлари натижалари улар якунланган кундан бошлаб 20(йигирма) иш кунидан кечикмай Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Неча балл тўпласам, сертификат олишим мумкин бўлади?
Сертификат олиш учун тест синови натижаси бўйича энг юқори баллнинг камида 60 фоизини тўплаш зарур.
Сертификатнинг амал қилиш муддати.
Сертификат 3 йил муддатга берилади.
Ижобий натижага эришсам, сертификатни қандай олишим мумкин?
Сертификат электрон шаклда берилади. Талабгор сертификатни шахсий кабинети орқали юклаб олиши мумкин бўлади.
Тест синови балидан қониқмасам, қайта топширишим мумкинми?
Ҳа, албатта. Тест синовлари натижалари эълон қилингандан сўнг қайта рўйхатдан ўтиб, белгиланган муддатда тест синовларида иштирок этишингиз мумкин.
#Мақола