Репостлар 16/01/2025 Нукусда 400 ўринли талабалар турар жойи фойдаланишга топширилди

15 январь куни Қорақалпоқ давлат университетида янги замонавий типдаги 400 ўринли талабалар турар жойини фойдаланишга топширишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Мурат Атамуратов, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Байрам Ўтемуратов, университет жамоаси, нуронийлар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тантанали тадбир очилишида сўзга чиққанлар Президентимиз раҳбарлигида ёш авлоднинг таълим олиши, ижтимоий ҳимояси, уларнинг келажакда баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши учун барча шароитлар яратилаётгани, айниқса, таълим соҳасига қаратилаётган эътибор, жумладан, талабаларни ётоқхона билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини айтиб, барчани янги бино очилиши билан самимий қутлашди.

Шундан сўнг, янги қад ростлаган талабалар турар жойининг рамзий калити Қорақалпоқ давлат университети ректори, академик Ахмед Реймовга тантанали равишда топширилди. Тадбир давомида ташриф буюрган меҳмонлар турар жой шароитлари билан танишиб, у ердаги талаба-ёшлар билан бир дастурхон атрофида суҳбатлашди.

Йиғилганлар ётоқхона талабалар учун мебель жиҳозлари, замонавий электр печлари, музлаткичлар, кир ювиш машиналари, микротўлқинли печлар, сув иситиш ускуналари каби маиший техникалар билан таъминланганлигининг гувоҳи бўлишди.

Маълумот учун: мазкур фойдаланишга топширилган талабалар уйининг қурилиш ишлари учун университетнинг бюджетдан ташқари жамғармасидан 22 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратилиб, “ELLIKQALA MAXSUS QURILISH” МЧЖ томонидан қуриб битказилди.

Манба: https://t.me/eduuz/29491

#Таълим телеканали   #Янгиликлар  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
СЎНГИ ЯНГИЛИКЛАР