Сўнгги йилларда Ўзбекистонда олий таълим соҳаси жадал ривожланмоқда. 2017 йилда мамлакатда 77 та олий таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 203 тага етган. Талабаларни қамраб олиш даражаси ҳам 9 фоиздан 42 фоизга ошгани кузатилмоқда. Шунингдек, нодавлат олий таълим муассасалари сони ортиб, ҳозирда 69 та нодавлат ОТМда 170 мингдан ортиқ ёшлар таҳсил олади.
Шу билан бирга, соҳага оид баъзи тартиб ва чекловлар бўйича аҳолининг мурожаатлари ҳам кўпайган. Жумладан, фуқаролар бир вақтнинг ўзида давлат ва нодавлат ОТМларда — масалан, кундузги ва масофавий ёки кечки ва сиртқи шаклларда таҳсил олиш имкониятининг чеклангани юзасидан норозилик билдирмоқда.
Мазкур масалага аниқлик киритиш мақсадида Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Бахром Абдуллаев томонидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов номига сенатор сўрови юборилди.
Сўровида сенатор амалдаги тартиблар, хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарорига асосан абитуриент фақат бир ОТМга ҳужжат топшириши ва HEMIS тизимида бир марта рўйхатдан ўтган талаба бошқа муассасага қайта рўйхатдан ўта олмаслиги ҳақида танқидий фикр билдирган. Бу ҳолат ёшларнинг бир нечта йўналишда ўқиш истагини чеклаб қўяётгани айтилган.
Сенаторнинг таъкидлашича, хорижий давлатлар тажрибасида — хусусан АҚШ, Европа мамлакатлари, Россия ва Қозоғистонда — талабалар бир вақтнинг ўзида бир неча ОТМда таҳсил олиб, икки ва ундан ортиқ дипломга эга бўлиш имкониятига эга.
Шу боис, сенатор Шариповдан ушбу чекловларга аниқлик киритиш ва фуқароларга икки ОТМда бир вақтда таҳсил олиш имкониятларини қонунчилик нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш зарурлигини билдирган.
#Янгиликлар