Мактаблар 18/02/2025 Қоракўл ихтисослаштирилган мактаб-интернати

    Бухоронинг олис тумани, Қоракўл туманида, жойлашган ушбу мактаб яқин-яқингача замонавий  шароит, қулай имкониятларга эга эмас эди. Аммо бу ерда йўлга қўйилган ўзига хос таълим услуби, методикаси оддий бир қишлоқ мактабини республика даражасидаги машҳур таълим даргоҳига айлантирди.

   Мактаб 2009 йилда айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби кўринишида ташкил этилган. 2014 йилдан вилоят халқ таълими бошқармаси тасаффуридаги 1-сон айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатига айлантирилди. Вазирлар маҳкамасининг 2019 йил 9-августдаги “Бухоро вилояти Қоракўл туманида “Халқаро матемтика мактаби”ни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан Халқаро математика мактаби сифатида қайта ташкил этилди.

   Давлат раҳбарининг Бухоро вилоятига 2019-йилги ташрифи чоғида шаҳардаги Саноат касб-ҳунар коллежи биносини мактаб ихтиёрига ўтказиб, тўлиқ тамирлаш вазифаси белгиланган эди. Шундан сўнг бу ерда улкан қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, Президент томонидан 44,7 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, мактаб биноси таъмирланди, ҳудуди ободонлаштирилди.

   Бинода барча шароитлар яратилган, замонавий жиҳозланган  64 та синф хона, фаоллар ва спорт заллари, кутубхона мавжуд. Кутубхона жаҳон стандартларига жавоб берадиган тарзда таъмирдан чиққан бўлиб, ўқувчилар ўзларига керак бўлган электрон ва анъанавий китоблардан бемалол фойдалана олишади. Шунингдек, мактабда ўқувчилар учун ётоқхона ҳам мавжуд.

   Халқаро математика мактабида ҳар йили июль ойида 3 та таълим йўналиши - иқтисодиёт, техника ва табиий фанлар бўйича Давлат тест маркази томонидан имтиҳон асосида 7-синфдан ўқувчилар қабул қилинади.

   Мактаб ўқувчилари қисқа муддат ичида маълум ютуқларга эришди. Жумладан, халқаро фан олимпиадаларида 24 та олтин, 15 та кумуш ва 17 та бронза медалига сазавор бўлган. Бошқа халқаро ва республика фан олимпиадаларида 100 дан ортиқ медалларни қўлга киритган.

   Мактаб ўқувчилари орасида Остонова Севара Зулфия номидаги давлат мукофоти, Исмоилов Дониёр, Ражаббоев Лазизбек ва Раҳматов Анвар “Мард ўғлон” давлат мукофоти, Олимов Олимжон "Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги" эсдалик кўкрак нишони  билан муносиб тақдирланган.

   Таълим борасида кўрсатган фидойиликлари, ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг юқори натижаларга эришишига қўшган муносиб ҳиссаси учун 2019 йил 1 октябрь куни ўқитувчи ва мураббийлар байрами муносабати билан халқаро мактаб директори Темир Рўзиев Ражабович “Меҳнат Шуҳрати” ордени билан тақдирланган.

   Халқаро математика мактабининг тажрибасини оммалаштириш, ҳудудларда филиалларини ташкил этишга доир лойиҳалар юзасидан давлат раҳбарига маълумот берилган. Шундан сўнг Навоий, Сирдарё ҳамда Тошкент вилоятларида ушбу мактабнинг филлиаллари ташкил этилган.

   2022 йил Ш.Мирзиёевнинг қарорига бинонан Халқаро математика мактаби Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфига ўтказилган ва мактабга Президент таълим муассасалари тасарруфидаги Қоракўл ихтисослаштирилган мактаб-интернати номи берилган.

   Ҳозирги кунда бу ерда 60 нафардан ортиқ малакали ўқитувчилар 470 нафар ўқувчига таълим бермоқда. Дарс жараёнлари умумтаълим мактабларидан кўра чуқурлаштирилган тартибда ўтилади. Ҳар чоракда 2 та БСБ ва чорак охирида 1 та ChSB имтиҳони агентлик томонидан олиниб, ўқувчилар билими текширилади. Дарс соатларидан ташқари қўшимча тўгараклар йўлга қўйилган. Ўқувчилар хоҳишидан келиб чиққан ҳолда хоҳлаган тўгаракларига қатнашишлари мумкин.

   Чуқурлаштирилган таълимдаги ёшларнинг маданий ҳордиқ олишлари учун мактабда турли хил байрам тадбирлари ва суҳбатлар уюштирилади. 2022 йилда юртимиздаги мактаблар орасида илк маротаба мактабнинг инглиз тили ўқитувчиси Феруза Бебутова ўқувчилари томонидан Ted Talks (глобал мавзулар бўйича инглиз тилида суҳбат) уюштирилган.

https://telegra.ph/file/db351c5257263faae05a1.jpg   Бундан ташқари мактабда Консултинг хизмати ҳам йўлга қўйилган бўлиб, ўқувчиларга маҳаллий олийгоҳлар ва халқаро танловлар, грантлар ва  стипендиялар ҳақида маълумот бериб борилади. Бундай имкониятлардан фойдаланган ёшлар мисолида, Жумақулов Мирфайз, Нармуратов Шоҳжаҳон, Олтмишов Жавоҳир, Аскаров Фарруҳ, Юсупов Руслан, Ҳамроев Беҳзод, Меҳмонова Шаҳризода каби битирувчиларнинг топ рейтингдаги халқаро университет стпендиатлари бўлганликларини айтишимиз мумкин.

   Сўнгги йилларда мактаб битирувчиларининг олий таълимга қабул қилиш кўрсаткичлари юқори бўлгани ва халқаро олимпиадаларда энг кўп медаль олиб келаётгани сабабли ҳам мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан, ҳатто пойтахтдан ҳам ота-оналар ўз фарзандини Қоракўлга олиб бориб, ўқитишмоқда.

Мактабнинг эришган ютуқлари ва таълим услуби ҳақида янада кўпроқ маълумот олиш учун қуйидаги манзилларга мурожаат қилишингиз мумкин:

Telegram: @PTMA_QORAKUL_IMI_UZ

Email: ims_karakul@umail.uz

Манзил: Бухоро в, Қоракўл т, Дўстлик м, Улуғбек к, 102-уй

Телефон рақам: (99) 379-56-33

Севинч Толибжонова тайёрлади

#Мақола   #Мактаб  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг
СЎНГИ ЯНГИЛИКЛАР