Янгиликлар 28/02/2025 Ўзбекистонлик 7 нафар ёш муҳандислар Японияда сунъий йўлдош йўналишида таҳсил олади

   Рақамли технологиялар вазирлиги мутасаддилари ҳамда Япониянинг “Kyushu Institute of Technology” профессорлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

   Бугунги кунда Ўзбекистон космик тадқиқотларни олиб бориш, замонавий технологияларни жорий этиш, тармоқ учун етук кадрлар тайёрлаш борасида жаҳон космик бозорининг йирик давлатлари, нуфузли агентликлар ҳамда топ университетлари билан ўзаро самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

   Хусусан, “Ўзбеккосмос” агентлиги мамлакатда космик таълимни янада ривожлантириш, ёшларнинг техник – муҳандислик, астронавтика ва астраномия каби йўналишларда билим ва тажрибаларини ошириш мақсадида АҚШ, Буюк Британия, Франция, Жанубий Корея, Хитой, Япония, Туркия, Озарбайжон билан қўшма таълим лойиҳалари ва дастурларини амалга ошириб келмоқда.

   Япониянинг илғор олийгоҳларидан бири ҳисобланган “Kyushu Institute of Technology” билан имзоланган келишув ҳам 7 нафар ёш муҳандис-конструкторларни 2 йил давомида магистратура босқичида космик аппаратларни лойиҳалаш, йиғиш ва синовдан ўтказиш йўналишида ўқитиш имкониятини тақдим этади. Бу вақт оралиғида улар япониялик тажрибали профессорлар билан биргаликда Ўзбекистоннинг биринчи илмий – технологик сунъий йўлдоши “6U Cубсат”ни яратиб, орбитага учиришлари режа қилинган.

   Қайд этиш лозим, мазкур лойиҳани амалга оширишда Давлатимиз раҳбарининг “2024 — 2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Маълумот учун:

   “Kyushu Institute of Technology” институти 1907 йилда фаолият бошлаган бўлиб, QS рейтинги бўйича дунёнинг энг яхши 1000 та олийгоҳи қаторига киради. Ҳозирга қадар бу ерни юқори малакали талабаларга жавоб берувчи 70 000 дан ортиқ муҳандислар тамомлашган. Бугунги кунда космик таълим йўналишида институт кўплаб давлатлар билан ҳамкорлик қилади ва муҳандис-конструкторлар гуруҳини тайёрлаб, сунъий йўлдошлар яратилишигача кўмаклашади.

   2024 йилнинг октябрь ойида “Kyushu Institute of Technology” институти Япония Аэрокосмик тадқиқотлар агентлиги (ЖАХА) томонидан ишлаб чиқилган ва UNISEC консорциуми томонидан қўллаб-қувватланадиган J-CUBE дастури доирасида Молдова Техника университети билан истиқболли ҳамкорликни бошлади. Ушбу глобал ташаббус наносунъий йўлдошларни ишлаб чиқишга қаратилган бўлиб, бутун дунё университетларини космик технологиялар соҳасида қўшма тадқиқотлар ва ишланмалар учун бирлаштиради.

#Таълим телеканали   #Янгиликлар  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг