Мақолалар 28/02/2025 Ўзбекистоннинг рақамли келажаги – PDP VISION 2030

  Бугунги кунда рақамли технологиялар нафақат дунё иқтисодиётининг асосий устунларидан бирига айланди, балки уларнинг жамиятдаги роли кундан-кунга ортиб бормоқда. Ўзбекистон ҳам бу глобал тенденцияга қўшилиб, IT соҳасидаги жадал ривожланиш йўлида муҳим қадамлар ташламоқда. Жорий йилнинг 27 февраль куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “PDP VISION 2030” тақдимоти айнан шу жараённинг ажралмас қисмига айланди. Тадбирда нафақат янги лойиҳалар эълон қилинди, балки Ўзбекистоннинг IT соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва инновацион дастурларни ишга туширишга қаратилган стратегиялар тақдим этилди.

  PDP EcoSystem 2017 йилда ташкил этилган бўлиб, ўтган қисқа вақт ичида Ўзбекистоннинг IT ҳамда замонавий технологияларга ихтисослашган етакчи таълим платформасига айланди. Бугунги кунда ушбу платформа таркибида PDP Academy, PDP Online, PDP University, PDP Unicorn, PDP School ва PDP Junior каби лойиҳалар фаолият юритмоқда.

  Тадбир давомида PDP EcoSystem асосчиси, таниқли тадбиркор Одилбек Мирзаев сўзга чиқиб, Ўзбекистон IT саноатининг жадал ривожи ва рақамли экотизимни мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. У, шунингдек, "PDP VISION 2030" стратегиясининг асосий йўналишлари ва режалаштирилаётган лойиҳалар ҳақида сўз юритди.

   “Тадбирда тақдим этилган “PDP VISION 2030” стратегияси, Ўзбекистоннинг рақамли технологиялар соҳасидаги янги босқичга ўтишини таъминлашга қаратилган. Бу стратегиянинг асосий йўналишлари сифатида IT таълимини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва инновацион дастурларни ишга тушириш кўзда тутилган. Тадбир давомида PDP EcoSystem томонидан эълон қилинган қуйидаги янги лойиҳалар ушбу стратегиянинг муваффақиятли амалга оширилишига хизмат қилади:

1. PDP College – Замонавий IT касбларини ўргатувчи инновацион таълим маскани. Бу лойиҳа янги авлод мутахассисларини тайёрлашда асосий ролни ўйнайди.

2. PDP Invest – IT стартапларини қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш платформаси. Бу платформа, инвесторлар ва стартаплар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

3. PDP Synergy – IT мутахассисларини бизнес билан боғловчи тармоқ. Бу лойиҳа IT мутахассисларининг бизнес дунёсига интеграциясини таъминлашга қаратилган.

4. PDP Elevator – Ёш иқтидорларни ривожлантиришга қаратилган махсус дастур. Бу дастур орқали ёш стартаперлар ва иқтидорли ёшлар ўз ғояларини амалга оширишда қўллаб-қувватланади.

   Юқорида таъкидлаб ўтган янги лойиҳалар Ўзбекистон IT экотизимини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, бу лойиҳалар рақамли технологияларни ривожлантириш ва малакали мутахассисларни тайёрлаш жараёнини янги босқичга олиб чиқади. “PDP VISION 2030” стратегияси нафақат Ўзбекистоннинг IT соҳасининг келажагини белгилаш, балки халқаро миқёсда рақобатбардош мутахассислар тайёрлашни ҳам ўз ичига олади.

Маъмура Тўраева тайёрлади

#Мақола  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг