Танишинг Асилбек Ашуров, у Гулистон шаҳридаги Президент мактабининг 11-синф ўқувчиси. Асилбек АҚШнинг нуфузли Чикаго университетига 420 000 АҚШ доллари миқдоридаги тўлиқ грант асосида ўқишга қабул қилинди.
У Чикаго университетининг тўлиқ грантини қўлга киритган илк ўзбекистонлик ўқувчи сифатида тарихга кирди.
Айтиш жоизки, Чикаго университети дунёдаги энг нуфузли олийгоҳлардан бири бўлиб, халқаро миқёсда ўзининг илмий тадқиқотлари, юқори сифатли таълими ва кучли академик анъаналари билан танилган.
QS “World University Rankings” ва “Times Higher Education” каби халқаро рейтингларда Чикаго университети доимий равишда энг юқори ўринларни эгаллаб келади. Ҳозирда ушбу университет дунё миқёсида 14-ўринда туради.
Алоҳида айтиб ўтиш керакки, муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Президент мактаблари бугун ўз меваларини бера бошлади.
Асилбек ягона мисол эмас. Ўтган йиллар давомида Тошкент шаҳридаги Президент мактаби ўқувчиси Абдулазиз Собиров дунё рейтингида ТОП 5 ликка кирувчи Гарвард университетига 354 000 АҚШ доллари миқдоридаги грант билан ўқишга қабул қилинган. Мактабнинг яна бир битирувчиси Сайфулло Саидов дунё рейтингида 9-ўринда турувчи “University College London” олийгоҳига, шунингдек, дунё QS рейтингида 17-ўринда турадиган Принстон университетига 350 000 АҚШ доллари миқдоридаги тўлиқ грант асосида муддатидан олдин ўқишга қабул қилинган. Қизларимиз ҳам фаол. Масалан, Наманган Президент мактабининг битирувчиси Гўзал Ҳайдарова ҳозирда Гарвард университетида тўлиқ грант асосида таълим олмоқда.
Ушбу нуфузли университетлар битирувчилари орасида таниқли олимлар, Нобел мукофоти совриндорлари кўпчиликни ташкил қилади. Ажаб эмас, йиллар ўтиб ўқувчиларимиз ҳам улар орасидан жой олса.
#Таълим телеканали #Янгиликлар