Мақолалар 26/01/2025 Қишки "перевод"да кимлар ўқишини кўчира олади?

  Кўпинча талабаларни Қишки перевод билан боғлиқ турли хил саволлар қийнайди. Шу сабабли бугунги мақоламизда кўпчиликни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб беришга ҳаракат қилдик.

   Қишки перевод учун аризалар ҳар йили 20 декабрдан 20 январга қадар (ўша куни ҳам) қабул қилинади.

Қишки “перевод”га барча талабалар ҳам ҳужжат топширолмайди. Фақат 2 та узрли сабаби борларга рухсат.

Қуйидагилар узрли сабаблар ҳисобланади:

1-талаба оила қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги ОТМга ўқишини кўчириш учун;

2-давлат органларининг ходимлари иш жойи ўзгарган тақдирда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди ўқишини кўчириш учун (тегишли вазирлик (идора) раҳбарининг тавсияси асосида). 

Ҳудудий ишчи гуруҳларга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади: 

  • ўқишни кўчириш бўйича ариза (ариза бланкаси ҳудудий ишчи гуруҳи томонидан берилади ва талаба томонидан жойида тўлдирилади);
  • талабанинг рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома ёки транскрипт нусхалари (биттаси бўлса етарли);
  • паспорт нусхаси;
  • юқорида қайд этилган узрли сабабларни асословчи тегишли ҳужжатлар. 

  Ўқишни қайта тиклаш бўйича (кўчириб тиклаш бундан мустасно) аризалар талабанинг четлатилганлигига неча йил бўлганлигидан қатъий назар бевосита ўзи таҳсил олган ОТМга тақдим этилади.

   Бу муддатда хорижий хусусий ОТМдан ўқишни кўчириш учун аризалар қабул қилинмайди.

  Қишки переводда аризалар онлайн шаклда сайт орқали тўлдирилмайди. Керакли ҳужжатлар ҳар бир ОТМда ташкил этилган ишчи гуруҳга талаба ёки унинг яқин қариндошлари томонидан шахсан топширилиши шарт. 

Эслатиб ўтамиз, қишки перевод имтиҳонларсиз, ариза асосида амалга оширилади. 

  Аризалар 20 январгача қабул қилинса, ўқишини кўчириш бўйича аризани кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш — ҳар йили 25 январдан 15 февралга қадар амалга оширилади. Ушбу муддат 393-сонли Вазирлар Маҳкамасининг қарорида кўрсатиб ўтилган.

   Яъни қишки перевод учун ҳужжат топширган талаба узоғи 15 февралга қадар натижани билиб олиши керак. Агарда, талабанинг аризаси ижобий қаноатлантирилган бўлса, у 25 февралга қадар дарсларга қўйилиши лозим.

Кейинги жараён қандай бўлади? 

   Тегишли вазирлик (идора) ёки Давлат комиссиясининг хати асосида олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан ўқиши кўчирилаётган талаба дарсларга қўйилади. ОТМ томонидан талаба илгари таълим олган ОТМга унинг шахсий йиғма жилдини жўнатиш учун сўровнома юборилади.

   Сўровнома олингандан сўнг, талаба илгари таълим олган олий таълим муассасаси ректорининг талабалар сафидан четлаштириш ҳақида буйруғи асосида уч кун муддатда талабанинг шахсий йиғма жилди (рўйхати билан) уни ўқишга қабул қилган олий таълим муассасасига жўнатилади ёки ариза билан ўқиши кўчирилган талабага берилади.

   Шахсий йиғма жилд жўнатилиши мумкин бўлмаган ҳолларда (ёпиқ йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш) олий таълим муассасаси ректори томонидан имзоланган ва гербли муҳр билан тасдиқланган академик маълумотнома талабани ўқишга қабул қилган олий таълим муассасасига жўнатилади.

Эслатма: агар талаба мақсадли қабул доирасида таълим олаётган бўлса, унга ўқишни кўчиришга рухсат берилмайди.

Грантда ўқиётган талаба грант билан ўқишини кўчира оладими?

   Ўқишнинг барча шакллари бўйича олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича давлат грантлари ўринларига кўчиришга фақат давлат грантлари асосида таҳсил олган талабалар аризасига кўра олий таълим муассасаларида тегишли ўқув йилидаги қабул қилиш квоталарида белгиланган давлат грантларининг сони доирасида рухсат этилади.

  Яъни агар ОТМ йўналишлари учун ажратилган грант ўрин бўлса, таълим муассасасидаги вазиятдан келиб чиқиб, талабага грант асосида ўқишни кўчиришга рухсат берилиши мумкин.

   Кўзи ожиз ва ногиронлиги бор талабаларга грант асосида ўқишни кўчиришга рухсат берилади. 

УМУМИЙ ЖАРАЁН ҚУЙИДАГИЧА:

  • 20 декабрдан 20 январгача - Қишки перевод қабул жараёни.
  • 25 январдан 15 февралга қадар натижалар эълон қилинади.
  • 15 февралдан 25 февралга қадар - аризаси қаноатлантирилган талаба дарсларга қўйилади.
  • 1 март санасига қадар - талабага буйруқ чиқарилади. 

   Узрли сабаблар билан ўқишни кўчириш учун топширилган аризалар натижа (жавоб)лари юқорида айтилганидек, 15 февралга қадар аниқ бўлади.

Хўш, талаба "перевод натижасини" қаердан билиб олса бўлади?

   Одатда негадир "қишки перевод" натижалари ОАВда эълон қилинмайди, бу ҳолат кузатилмаган десак ҳам бўлади. Талаба ўзи югуриб-елиб билиб олиши керак.

   Гап шунда-ки, ВМ-393 сонли қарорида 15 февралга қадар талаба ариза натижаси билан хабардор қилиниши айтилган, қандай усулдалиги эса ёзилмаган. Демак, ОАВ да натижаларни эълон қилмаслик ноқонуний ҳолат эмас, талабага ҳар қандай усул билан маълумот етказилса бўлгани.

Талаба натижаларни қуйидаги усулда билиб олиши мумкин:

  • ОАВ, вазирлик ижтимоий саҳифаларидаги эълонлари орқали;
  • Ишчи гуруҳ томонидан унга қўнғироқ қилиш орқали;
  • Ҳужжат топширган ишчи гуруҳ масъули орқали;
  • Ўқишини кўчирмоқчи бўлган олийгоҳ билан боғланиш орқали; 

  Биздаги маълумотларга кўра, талабаларга ариза натижалари ҳақида хабар бериш бошланган.

Маъмура Тўраева тайёрлади

 

 

#Мақола  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг