Янгиликлар 15/11/2024 ССВ мактаб ошхоналарида тақиқланган озиқ-овқатлар рўйхатини эълон қилди

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) мактаб ошхоналарида сотилиши тақиқланган озиқ-овқат маҳсулотларининг рўйхатини эълон қилди. Ушбу рўйхат Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) тавсияларига асосланган бўлиб, болалар саломатлигини ҳимоя қилишга қаратилган.

Тақиқланган маҳсулотлар орасида кенг тарқалган гамбургер, чизбургер, ҳот-дог, чипс, газланган ичимликлар, ва энергетик ичимликлар каби маҳсулотлар бор. ЖССТ бу турдаги маҳсулотларни кундалик таомномадан чиқаришни тавсия қилади. ССВ томонидан эълон қилинган рўйхатга кўра, ушбу маҳсулотлар Ўзбекистон мактабларидаги ошхоналарда сотилиши тақиқланган.

ССВнинг санитария қоидалари ва гигиена нормативлари асосида, мактаб ошхоналарида қуйидаги маҳсулотлар тайёрланиши ва сотилиши мумкин эмас:

1. Гўшт қўшилган, майонез, кетчуп ва сабзавотлар солинган нон маҳсулотлари (гамбургер, чизбургер, ҳот-доглар).

2. Сунъий таъм ва ҳид берувчи моддалар, бўёқлар, ароматизаторлар қўшилган қандолат маҳсулотлари. Сунъий консервантлари бўлган "кириешки", "хрустяшки", чипслар, қурт, писта ва уй шароитида тайёрланган шимиладиган ширинликлар.

3. Рангли ва рангсиз газланган ичимликлар.

4. Ветеринария назоратидан ўтмаган гўшт, балиқ, паррандалар; шунингдек, керакли санитария талабларига жавоб бермайдиган тухумлар.

5. Бомбажли, занглаган, ёки яроқлилик муддати белгиланмаган консервалар.

6. Кремли қандолат маҳсулотлари (торт ва пишириқлар).

7. Хом дудланган гўштли маҳсулотлар ва колбасалар, шу жумладан, қайнатилган колбаса.

8. Термик ишлов берилмаган сут ва сут маҳсулотлари, қимиз ва бошқа ачитилган сутли маҳсулотлар.

9. Тез тайёрланадиган қуруқ озиқ-овқат концентратлари асосидаги таомлар ва бошқа хавфли озиқ-овқат маҳсулотлари.

#Янгиликлар   #Таълим телеканали   #Ўқувчи  
Сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг