12–13 февраль кунлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, “Ўзкимёсаноат” АЖ, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти, Ўзбекистон ихтирочи аёллар маркази, Тошкент кимё-технология институти ҳамда халқаро ҳамкор ташкилотлар иштирокида “WOMEN IN STEM” III халқаро форуми ўтказилди.
Форум аёлларнинг илм-фан ва технология соҳасидаги иштирокини кенгайтириш, STEM йўналишларида фаолият юритаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ушбу соҳалардаги муаммоларни муҳокама қилишга қаратилган. Тадбирда Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлардан етакчи олимлар, тадқиқотчилар ҳамда мутахассислар иштирок этди.
Форум доирасида халқаро экспертларнинг маҳорат дарслари, илмий тақдимотлар ва семинарлар ташкил этилди. Иштирокчиларга таълим ва технология ривожига ҳисса қўшган олима аёллар ҳақида тайёрланган видеоролик намойиш этилди. Шунингдек, турли мавзуларда тақдимотлар ўтказилиб, муҳим илмий натижалар муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида миллий маданият ва илм-фанни уйғунлаштирган мусиқий чиқишлар ва миллий либослар тақдимоти хорижий меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Форум якунида иштирокчиларга Тошкент кимё-технология институти ҳамда “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан эсдалик совғалари ва сертификатлар топширилди.
#Таълим телеканали #Янгиликлар