Ҳаётда муваффақиятга эришиш учун фақатгина ҳаракат қилиш кифоя эмас. Вақтни тўғри тақсимлаш ҳам муҳим роль ўйнайди. Дунёга машҳур етакчилар ва ишбилармонларнинг ҳаётини ўрганиш, улар қандай қилиб ўз вақтларини самарали сарфлашганини билиш, бизга катта ўрнак бўлиши мумкин. Чунки улар, кўпинча, ўз вақтларини иш билан бир қаторда китоб мутолааси, фикр юритиш ва танаффуслар қилиш каби ноанъанавий, лекин жуда самарали фаолиятларга ажратишган.

Масалан, Уоррен Баффет, юзлаб компаниялар билан ишлашига қарамай, ўзининг иш вақтининг 80 фоизини китоб ўқишга ва қарорлар қабул қилишга сарфлайди. У буни муваффақиятнинг калити сифатида кўради. Бирон бир ишни бажаришда нафақат жисмоний меҳнат, балки ақлий меҳнат ҳам зарур, дейди у. Шундай экан, ўз вақтимизни қандай ажратишимиз, бизнинг келажакдаги муваффақиятимизни белгилайди.

Бенжамин Франклин, Стив Жобс, Опра Уинфри ва Питер Друкер каби етакчилар кундалик тутишнинг нақадар муҳимлигини таъкидлаганлар. Улар ҳар куни ўзларига савол бериб, кунни қандай ўтказиш кераклигини режалаштирганлар. Шундай қилиб, кундалик тутиш, нафақат вазифаларни бажариш, балки ўз-ўзини англаш ва тўғри қарорлар қабул қилишда ёрдам беради.

Бундан ташқари, танаффуслар қилиш ҳам муваффақият учун зарур. Наполён, Эйнштейн, Томас Эдисон каби буюк шахслар ҳар куни қисқа танаффуслар қилиб, ўзларини янгилашган. Улар, ҳатто, кун давомида уйқу олишни афзал кўрганлар, чунки бу уларнинг ижодий фикрларини тетиклаштирган. Янги ғоялар ва қарорлар кўпинча дам олиш пайтида келиб чиқади.

Вақтни тўғри тақсимлаш, шунингдек, соғликни ҳам яхшилашга ёрдам беради. Чарлз Дарвин, Бетховен, Стив Жобс каби машҳур инсонлар ўзларининг кундалик режаларига сайр қилишни киритганлар. Улар пиёда сайр қилишни нафақат жисмоний, балки руҳий ҳолатни яхшилаш учун ҳам самарали деб билишган. Олимларнинг тадқиқотларига кўра, кундалик сайрлар нафақат мияда яратилган янги ғоялар учун фойдали, балки умрни узайтиради.

Бундан ташқари, муваффақиятли кишилар ҳар куни китоб ўқишга вақт ажратишади. Марк Кюбан, Боб Айгер ва Илон Маск каби миллионерларга китоб ўқишнинг афзалликлари ҳақида гапириб ўтсак, бу ўз билим доирасини кенгайтириш, янги фикрларни ривожлантириш ва стрессни камайтиришнинг самарали усули эканини тушуниш мумкин.

Бироқ, энг муҳим нарса – бу тажриба қилишдир. Бирор ишни бошлашдан қўрқмаслик, муваффақиятсизликни ўрганиш ва ундан сабоқ олиш керак. Томас Эдисон ўзининг 50 мингдан ортиқ муваффақиятсиз тажрибаларини шундай кўрган: "Бу ерда сизни муваффақиятга олиб келадиган ўрганиладиган сабоқлар бор."

Шундай қилиб, вақтни тўғри тақсимлаш муваффақиятга эришишнинг калити ҳисобланади. Агар биз ўз вақтимизни самарали сарфласак, ҳар бир кичик қадам ҳам катта ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Вақтни бошқариш, ҳаётдаги натижаларни белгилашда энг муҳим омил ҳисобланади. Ҳар биримиз ўз мақсадларимизга эришиш учун вақтни тўғри тақсимлашга ҳаракат қилишимиз керак.
Маъмура Тўраева тайёрлади
#Мақола